Термиз шаҳрида тоза ичимлик суви иншоотлари реконструкция қилиниб, санитария ҳолати тубдан яхшиланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар беради.
Янги барпо этилаётган замонавий оқова сув тизими аҳолининг марказлашган канализация тармоғи хизмати билан таъминланиш даражасини 51,5 фоизга етказиб, вилоят марказининг санитария ҳолатини янада яхшилайди. Бунинг учун бир кеча-кундузда 25 минг кубметр оқова сувни тозалаш иншооти реконструкция қилинмоқда. Учта янги канализация насос станцияси барпо этилиб, битта ана шундай иншоот қайта таъмирланмоқда. Осиё тараққиёт банкининг 15,5 миллиард сўм кредит маблағи ҳисобидан амалга оширилаётган бу ишлар асносида жорий йил 65 километр магистрал ва юз километр ички хизмат кўрсатиш сув тармоқлари реконструкция қилиниб, тўққиз янги сув чиқариш қудуғи барпо этилмоқда. 16 замонавий сув узатиш ва 26 ичимлик сув чиқариш насосларини ўрнатиш ишлари ҳам уюшқоқлик билан олиб бориляпти.
Айни пайтда «Мангузар», «Шимолий» ҳамда тўртинчи ва бешинчи кичик даҳалардаги сув чиқариш ва узатиш ҳавзалари, мавжуд 57 километр магистрал ва 116 километр ички сув қувурлари, 22 ер ости қудуғи орқали шаҳар аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда. Янги лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши шаҳар аҳолисига бир кеча-кундузда 63,5 минг кубметр ичимлик суви етказиб бериш имконини яратади. Ўрнатилаётган замонавий насослар истеъмолчиларни узлуксиз сифатли ичимлик суви билан таъминлаб, 30 фоиздан зиёд электр энергияси харажатларини тежаб қолади.
Лойиҳани келгуси йили тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган.