Литванинг Вилнюс шаҳри армрестлинг бўйича катталар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Унда сайёранинг 52 давлатидан 1500 нафар қўл кураши усталари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Ўзбекистон шарафини Қурбон Конишев бошчилигида ҳимоя қилган терма жамоа иккитадан кумуш ва бронза медалларга эгалик қилган ҳолда Ўзбекистонга қайтиб келди.
Янгиланган таркиб, қолаверса, ёшлардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан ака-ука Муҳаммадамин Неъматуллаев (65 кг) ҳамда Султон Неъматуллаев (80 кг) ҳар иккиси ҳам чап қўлда бронза медалга эгалик қилган бўлса, ўнг қўлда 55 килограмм вазн тоифасида Ситора Хўжамова ҳамда 65 килограммда Муҳаммадамин Неъматуллаев финалгача етиб бориб, кумуш медалга сазовор бўлди.
«Натижаларимиз бундан-да юқори бўлиши мумкин эди, — деди федерация бош котиби Қурбон Конишев. — Бироқ биз номдор спортчилар кучини эмас, ёш иқтидор эгалари бўлган янги таркибнинг имкониятларини синовдан ўтказдик.
20 нафарга яқин шогирдларимиз учун айнан ушбу жаҳон чемпионати ўзига хос мактаб вазифасини ўтаб берди. Навбатдаги мусобақаларда улар ўзларини кўрсатишларига ишонаман».
Эслатиб ўтамиз, навбатдаги жаҳон чемпионатига 2015 йилнинг 21 сентябридан 4 октябрига қадар Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳри мезбонлик қилади.
Изоҳ (0)