Бутун жаҳон бўйича интернет тезлигининг янги рейтингида Россия МДҲ давлатлари ичида биринчи ўринни эгаллади. Россия Федерациясидаги интернетнинг ўртача тезлиги сониясига 25 мегабит атрофида бўлиб, бу кўрсаткич билан РФ бутун дунё бўйича 35-поғонадан жой олди. Бу ҳақда «Регнум» ахборот агентлиги маълумотига таяниб, «Анҳор» хабар бермоқда.
МДҲ давлатлари бўйича иккинчи ўринни эгаллаган Қозоғистонда интернетнинг ўртача тезлиги секундига 17 мегабитни ташкил этади. Россия ҳам, Қозоғистон ҳам интернет тезлиги бўйича Австралия, Бразилия, Греция ва Италияни ортда қолдирди.
Интернет тезлиги бўйича МДҲ давлатлари ичида энг охирги поғонадан жой олган Ўзбекистонда мазкур кўрсаткич сониясига 2,4 мегабитни ташкил этмоқда. Бу эса Ўзбекистондаги интернет тезлиги Россиядагига нисбатан 10 баравар, Қозоғистондан эса саккиз маротаба паст эканлигини кўрсатмоқда.
Бутун дунё бўйича энг катта интернет тезлиги Гонконгда қайд этилди (93,51 Мб/с). Шунингдек, кучли учликдан Сингапур (79,82 Мб/с) ва Жанубий Корея (53,93 Мб/с) ўрин олди.
Интернетнинг энг паст тезлиги Буркина-Фасо, Гвинея ва Гамбияда кузатилди — мазкур мамлакатларда интернет 1,5 Мб/с тезликдан ошмайди.
Изоҳ (0)