Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида Миржалол Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон (У-23) терма жамоаси Гонконг термасига қарши майдонга тушиб, 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Ўйин тўлалигича Ўзбекистон терма жамоаси устунлиги остида ўтди. Дастлабки дақиқалардан олдинга ташланган ўзбекистонлик футболчилар бир қатор қулай вазиятларга эга бўлди, бироқ гол кирита олмади. Гонконг терма жамоаси аъзолари ҳужумда жуда катта куч билан ҳаракат қилди.
Жарима майдончаси атрофига қурилган «автобус»ни ёриб ўтишда Ўзбекистон вакиллари катта қийинчиликка дуч келди. Биринчи бўлимнинг ўзида Игорь Сергеев, Владимир Козак, Наврўз Алимов, Фозил Мусаев, Жамшид Искандеровларда гол киритиш учун бир қатор қулай вазиятлар бўлди. Аммо кўп ҳолларда улар якуний зарбани йўллашда хатога йўл қўйди. Баъзи вазиятларда эса ўзбекистонлик футболчилардан омад юз ўгиргани яққол кўзга ташланди.
Иккинчи бўлимда Миржалол Қосимов таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширди. Бу ўзгаришлар ўйинни янада кучайтиришга хизмат қилди. Жумладан, майдонга тушган Воҳид Шодиев ҳужумда анча фаол ҳаракат қилди. Аммо у ҳам қулай вазиятлардан унумли фойдалана олмади.
74-дақиқага келиб, ниҳоят, ўйинда ҳисоб очилди. Жамшид Искандеровнинг ажойиб узатмасини Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев дарвозага йўллашда адашмади. Ушбу голдан кейин ўзбекистонлик футболчилар анча хотиржам тортди. Сабаби саноқсиз ҳужумлар наф бермаётгани ўйинчиларга қўшимча босим юклаётганди. Киритилган гол ана шу босимни улардан олиб ташлагандек бўлди.
Аммо ўзбекистонлик ҳимоячиларнинг хотиржамликка берилганидан фойдаланган рақиб аъзоси Чанг Су 79-дақиқада ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Голдан кейин Ўзбекистон вакиллари ҳисобни ўз томонига оғдириш учун ҳаракат қилди. Аммо бундан ҳеч қандай наф чиқмади.
Шу тариқа гуруҳдаги биринчи ўйинда Миржалол Қосимов бошчилигидаги терма жамоа Гонконгга қарши ўйинда дуранг қайд этиб, бир очко ишлаб олди. Эслатиб ўтамиз, гуруҳдаги яна бир ўйинда Бангладеш терма жамоаси Афғонистон устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Осиё ўйинлари — 2014. «B» гуруҳи, 1-тур
Ўзбекистон — Гонконг: 1:1
Голлар: И. Сергеев, 74 — Чан Су, 79.
Ўзбекистон: Элдорбек Суюнов — Азамат Исроилов (С. Мустафоев, 63), Ислом Тўхтахўжаев, Бобур Йўлдошев, Даврон Ҳошимов — Сардор Рашидов, Фозил Мусаев (Д. Жўраев, 85), Владимир Козак, Жамшид Искандаров — Игорь Сергеев, Наврўзбек Олимов (В. Шодиев, 55).
Гонконг: Япп, Леунг, Квун Леунг, Тан, Чун Йи, Вонг, Чан Су, Фонк, Аннан, Там, Ло.
Изоҳ (0)