АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри «Плаза» меҳмонхонасидаги чиқишларидан бирида қўшиқчи Леди Гага шовқин солаётган тингловчиларга қўпол муомалада бўлди. Санъаткор жаз йўналишидаги қўшиғини тугатишга улгурмай, унга халал берган мухлислардан жим бўлишни сўради, деб хабар бермоқда Associated Press.
«Сиз (цензурага зид сўзлар билан)... овозингизни ўчира оласизми? Биз бу ерда жаз куйлаяпмиз», — дея Леди Гага юзлаб томошабинларга мурожаат қилди. «Лаънати бойваччалар», — деди у ва залда тинчлик ўрнатилса, миннатдор бўлишини таъкидлади.
Қўшиқчи Harper’s Bazaar аёллар журнали томонидан Нью-Йорк Мода ҳафталиги доирасида ташкил этилган кечада чиқиш қилди. Тадбирга Донателла Версаче, актриса ва модель Брук Шилдс, қўшиқчилар Максвелл ва Мигел сингари машҳур меҳмонлар ҳам ташриф буюрди.
Маълумот учун, Леди Гаганинг Тони Беннетт билан ҳамкорликдаги Cheek to Cheek номли альбоми мухлислар эътиборига 23 сентябрда ҳавола этилиши режалаштирилган. Мода ҳафталиги доирасидаги оқшомда Леди Гага куйлаган қўшиқлар мазкур янги альбомдан жой олган.
Изоҳ (0)