2014 йил 1 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрининг тарихий, маданий ва молиявий маркази ҳисобланган Wall Street кўчасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон давлат байроғини кўтариш маросими ўтказилди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги доимий вакиллиги, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ва Туркистон-Америка иттифоқи томонидан ташкил этилди. Маросимда АҚШнинг ижтимоий-сиёсий соҳа вакиллари ва ОАВлари, БМТда фаолият юритувчи ўзбекистонликлар, ўзбек ва бухоролик яҳудий диаспораси, шунингдек, Нью-Йорк аҳолиси ва туристлар — жами 100 дан зиёд меҳмон иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон ва АҚШ мадҳиялари остида икки мамлакатнинг байроқлари 15 метр баландликка кўтарилди. Ўзбекистон байроғи Wall Street’да етти кун мобайнида ҳилпираб туради. Эътиборли жиҳати, бундан 230 йил муқаддам айнан шу кўчада АҚШ давлат байроғи юқорига кўтарилган.
Тадбирда нутқ сўзлаганлар Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, хавфсизликни таъминлаш ва демократик ислоҳотларни амалга оширишда эришаётган ютуқлари, Ўзбекистон халқининг бой маданияти ҳақида фикр билдирди.
Тадбирга ташриф буюрганлар учун ўзбек қўшиқлари ва рақсларидан иборат маданий дастур ҳам тақдим этилди.
Изоҳ (0)