Нукусда Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган кўргазмада 100 га яқин тўқувчилик, каштачилик, заргарлик, темирчилик, ёғоч ўймакорлиги ва ҳунармандчиликнинг бошқа турлари билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорлар 1000 дан ортиқ маҳсулотлари билан иштирок этди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зуҳра Иброҳимова, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Хўжамурат Қайпназаров ва бошқалар Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган 300 дан зиёд ҳунарманднинг 25 фоизини ёшлар, 50 фоизини аёллар ташкил этади. Улар Ўзбекистонда ва халқаро миқёсда ташкил этилаётган турли танлов ва фестивалларда фаол қатнашиб, миллий маданиятни кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Тадбирда «Энг яхши ҳунарманд», «Энг кўп маҳсулот ишлаб чиқарувчи», «Энг яхши дизайнер», «Энг ёш ҳунарманд» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан тақдирланди.