Chevrolet.uz сайтининг янгиланган версияси ишга тушди. Сайтнинг, айниқса, ўзбек тилидаги версиясида хатолар жуда кўп, деб хабар бермоқда «Кун».
Янгидан ишга тушган Chevrolet.uz сайтининг ўзбекча версияси интернет фойдаланувчиларининг кескин танқидларига учради. Бунга сабаб — сайт матнлари ва ёзувларидаги имловий ва услубий хатолар, ғализликлар ва чала таржималардир. Сайтнинг ўзбекча версияси бош саҳифасидаёқ фойдаланувчини бир қатор хатоликлар кутиб олади (интернет фойдаланувчиларидан бири буни «шедеврлар» деб атаган).
Жумладан, энг юқорида «Харита сайт», «Қайтадиган алоқа» (такроран нисбатан тўғри вариант — «Алоқалар» ҳам ишлатилган), «Мурожаат фуқароларни», сайт асосий менюсида «Биз ҳакида», «Владелцам» (катта эҳтимол билан, рус тилидан таржимаси қолиб кетган сўз), «Ҳаммаси Chevrolet», қолган жойларда «Излаш сайт», «Иссиқ чизиқ» (русча «Горячая линия»нинг сўзма-сўз таржимаси, одатда ўзбекча сайтларда «Ишонч телефони» деб таржима қилинади), «Фождали ссйлки» каби ёзувларни кўриш мумкин.
Катта эҳтимол билан, сайтнинг рус тилидаги версияси махсус дастур ёрдамида ўзбек тилига сўзма-сўз таржима қилинган ва шу сабаб турли тушунмовчиликлар ва ғализликлар келиб чиққан. Хусусан, Chevrolet.uz’нинг ўзбекча версиясида «Муомаланинг шакли» саҳифаси бўлиб, бу русча версиядаги «Форма обрашчения»нинг таржимасидир — саҳифа сайт бош саҳифаси қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги тушунарсиз матн ва алоқа формаси билан тўлдирилган.
ccTLD.uz маълумотларига кўра, Chevrolet.uz домени 2014 йил 7 августдан эътиборан исми ошкор этилмаган жисмоний шахс қўлида. Сайтнинг барча саҳифаларида кўрсатилган GM Uzbekistan компанияси ишонч телефони (+99897 141 77 77) кўрсатилган. Бундан ташқари, сайтнинг остки қисмида, бошқа давлат ва ҳокимият бошқарув органлари сайтларида бўлгани каби Ўзбекистон давлат рамзлари ҳақида маълумот, марказий давлат органлари сайтларига ҳаволалар берилган.
Facebook ижтимоий тармоғидаги муҳокамаларда фойдаланувчилардан бири тилшуносларни «танқид қилишдан кўра кўнгилли сифатида сайтни тузатишга ёрдам беришга» чақирган. Ўз навбатида, бошқа бир гуруҳ фойдаланувчилар ушбу «ачинарли ҳолат»га сайт ташкил этилиши учун масъул бўлганларни айбдор қилиб кўрсатган. «Одамлар Chevrolet автомобилларини сотиб олишга ойлаб навбат кутишга тайёр… Наҳот шунча пули кўп компания битта сайтини ўзбекчада нормал ишлайдиган қилиб қўймаса?!», — дейди фойдаланувчилардан бири.
Бундан ташқари, GM Uzbekistan компанияси таъсисчиси бўлмиш «Ўзавтосаноат» акционерлик компанияси сайтида ҳам бир қанча хатолар бўлиб, унда Chevrolet бренди «Шевралет» тарзида келтирилган.
Изоҳ (0)