«Евро-Футбол» мухбири Валерий Карапетян ЖЧ — 2014 финал ўйинига ўзбекистонлик Равшан Эрматов эмас, италиялик ҳакам Никола Риццоли тайинлангани борасида ўзининг таҳлилий мақоласини эълон қилди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар беради.
«Жаҳон чемпионати бошланиши олдидан МДҲ миқёсида ягона ҳакам бўлган Равшан Эрматовга омадлар тилаган эдим. Ўзбекистонда ҳакамларни тайёрлаш Иттифоқ пайтида ҳам юқори даражада бўлган. Иттифоқ тарқалиб кетганидан кейин Марказий Осиёнинг мазкур давлати ҳакамлари сояда қолишди. 2010 йилда эса Равшан Эрматов ҳақиқий кашфиётга айланди. Ўшанда Аргентина терма жамоаси Эрматов бошқарган ўйинда йирик ҳисобда мағлубиятга учраб, Мундиални тарк этган.
Шундан сўнг, жанубий америкаликлар унга нисбатан турли хийлалар ишлата бошлади. Равшан ЖЧ — 2014’да Аргентина ва Швейцария ўртасидаги 1/8 финал баҳсини бошқариши керак эди, аммо аргентиналиклар вето ҳуқуқидан фойдаланди.
Агар бундай ҳуқуқ 1990 йилги ЖЧда Иттифоқ терма жамоасида бўлганида эди, швециялик ҳакамни инкор қилган бўлишарди. Афсуски, айнан Аргентина туфайли Эрматов иккинчи мундиалда финални бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлмоқда. Аргентиналиклар ўйинни Эрматов бошқармаслиги эвазига, европалик ҳакамга ҳам рози бўлмоқда. Ўзбекистонлик ҳакамнинг ёши яна иккита мундиалда иштирок этишга имконият беради. 2018 йили «Лужники»да бўлиб ўтадиган ЖЧ’нинг ҳал қилувчи баҳсини айнан Равшан-ака бошқаришини истардим.
Аргентинага эса ўзининг муваффақияцизлиги учун айбни серқуёш ўлка вакилига ағдаришни бас қилишни ва шарманда бўлмасликни тилаб қоламан. Бу кунингдан ўлганинг яхши, Аргентина! Ундан кўра 1986 ва 1990 йилги ЖЧ финалига қай тариқа етиб борганингни эсла. Ҳозирги ўйин орқали Аргентина ғолибликка муносиб эмас. Ҳимоявий ўйин ва Мессининг мўъжизаси ҳам Германияга қарши ўйинда ғалаба келтирмаса керак. Боиси, Аргентинанинг марказидаги ўйини жуда суст ва нурсиз. Финалда эса ҳақиқатан ҳам кучли жамоа ғалаба қозониши керак. Афсуски, Аргентина, лекин бу - сен эмассан».
Изоҳ (0)