АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида истиқомат қилувчи Жаббар Коллинзнинг 15 йиллик умри суд чиқарган нотўғри ҳукм туфайли панжара ортида ўтди. 10 июль, пайшанба куни 42 ёшли Коллинз суд иштирокисиз штат прокуратураси билан 3 миллион доллар бадал олиши ҳақида битим тузди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС хабар берди.
1994 йил Жаббар Коллинз ўғрилик қилиш мақсадида бруклинлик яҳудийлар руҳонийсини ўлдирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинади. Коллинз терговчиларга бу бир хатолик эканлиги, жиноят содир бўлган вақтда у уйда бўлганини айтади. Бироқ суд жараёнида Коллинз жиноят содир этилган жойни тарк этаётганини кўрган икки гувоҳ қатнашади. Шундан сўнг у бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум қилинади.
Жиноятчи деб топилган Жаббар қамоқ кутубхонасига ёзилиб, у ерда ҳуқуқшуносликни ўрганади. Коллинз ўзининг ишига оид маълумотларни ўрганиб чиқиб, бир неча бор апелляцияга топширади.
Кўплаб уринишлардан сўнг, унинг айбдор деб топилишига сабабчи бўлган икки шахс прокуратура томонидан ёлғон гувоҳлик бериш учун мажбурлангани ойдинлашди. 2010 йил суд томонидан янги фактлар ўрганиб чиқилиб, Коллинз айбсиз деб топилди ва озодликка чиқди.
Изоҳ (0)