Хонанда Жасур Ғойиповнинг Facebook’даги саҳифаси бутун дунёдан жами 100 000 га яқин мухлисни бирлаштирди, дея хабар беради iLike.uz блоги.
Жасур Ғойиповнинг Facebook’даги мухлислари сонига кўра Туркия, Украина, Россия ва Покистон давлатлари пешқадамлик қилмоқда.
Ўзбекистон эса, хонанданинг деярли барча қўшиқлари ўзбек тилида бўлишига қарамай, нашрда келтирилган биринчи 45 мамлакат қаторидан жой олмади.
Мутахассисларнинг фикрларига кўра, хонанда мухлисларининг сони кўплиги ва улар ўзбекистонлик эмаслиги «лайк»лар йиғишда ботлардан фойдаланилганидан далолат беради. Яъни, хонанда мухлислари сохта бўлиб, «лайк»лар пулга сотиб олинган.
Чиндан ҳам, Жасур Ғойипов саҳифасидаги постларга назар ташласангиз, ҳар бир пост 5 мингдан сал кўплоқ «лайк» йиққан; Постлардаги «лайк»лар сони бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Бундан ташқари, шунча кўп «лайк» йиққан постларда саноқли фикрлар билдирилган.
The Next Wеб сайти маълумотига кўра, 1 миллион мухлиси бўлган ҳамжамиятдаги битта пост ўртача 826 «лайк» ва 309 фикр тўплайди. Ўзбекистонлик хонанда саҳифасида бу қонуният кузатилмаяпти. Шу сабабли мутахассислар Жасур Ғойиповнинг мухлислари сохта эканлигини тахмин қилишмоқда.
Хонанда мухлислар чин ёки сохта эканлиги ҳақида расмий маълумот бермаган. Воқеалар ривожини бизда кузатинг :)
Изоҳ (0)