Буюк Британия полициячилари катта тезликда кетаётган автомашинани таъқиб этишаётганда, унинг ҳайдовчиси бирор бир жиноятни содир этиб қочаётганлигига уларнинг шубҳалари йўқ эди, деб ёзади Huffington Post.
Кейинчалик маълум бўлишича, автомашина ҳайдовчиси қочишга эмас, аксинча бирор жойни қидириб топишга уринаётган эди.
Жума куни кечаси соатига 160 км тезликда кетаётган Колин Элморни тўхтатган полициячилар унинг автомашинаси орқа ўриндиғида кўзи ёриётган аёлни кўришди. Бир оздан сўнг Портсмут йўлининг ёқасида Лола Миа Роуз дунёга келди.
Маҳаллий ахборот агентликларининг маълумот беришича Колин Элморнинг 26 ёшли қизи Тиффани отасидан туғруқхонага олиб боришини сўраган, бироқ шифохонага етиб боргунча Тиффанининг дарди кучаяди. Шунда у орқа ўриндиққа ўтади, рул бошқараётган отаси эса газни босади.
«Автомашинани тўхтатиш учун биз уни ҳар тарафдан ўртага олдик. Ниҳоят машина тўхтаганида, ҳайдовчи тушиб қочади деб ўйладик, – деб айтди Ҳемпшир полицияси сержанти Саймон Госс. — Бироқ у автомобилнинг йўловчи ўриндиқлари тарафига чопиб ўтиб, қандайдир чақалоқ ҳақида гапира бошлади. Автомашина яқинига борганимизда, унинг қўлида чақалоқ кўтариб олганини кўрдик».
Бахтиёр она ва 2,8 килограмм вазнда туғилган чақалоқ тез ёрдам машинасида зудлик билан шифохонага етказилди. Гувоҳларнинг айтишича, уларнинг иккаласи ҳам яхши аҳволда бўлган.
Изоҳ (0)