Ўзбекистон Фанлар академияси С.Азимов номидаги «Физика-Қуёш» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти олимлари томонидан ҳаводаги радоннинг ҳажмий фаоллигини ўлчаш қурилмаси яратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги хабар берди.
Бу қурилма ёрдамида ядро физикаси ва техника, атроф-муҳитнинг радиофаоллигини экспресс-назорат қилиш, хусусан, ҳаводаги радон фаоллигини ўлчаш ва ер силкинишларини қисқа муддатда олдиндан айтиб берадиган қурилмалар яратишда фойдаланиш мумкин.
Қурилма нур тарқатиш детектори, ҳавони киритиш-чиқариш учун патрубкалар ва электрон рўйхатга олувчи блок билан таъминланган бўлиб, бу ҳаводаги радон фаоллигини экспресс-назорат қилишни осонлаштиради, жараённинг аниқлиги, тезлиги ва хавфсизлигини юқори даражада таъминлайди, энергияни тежашга ёрдам беради.
Изоҳ (0)