Франциядаги иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида тузилган шартномани инглиз тилида фаолият юритувчи бир нечта оммавий ахборот воситалари нотўғри шарҳлашди. Натижада, «Францияда интернет технологиялари соҳаси ишчилари ўз почталарини кечки соат олтидан кейин текшира олмасликларини белгиловчи қоидалар жорий этилди», дея хато хабарлар тарқалиб кетди. Бу тўғрида TJournal нашри хабар қилган.
9 ва 10 апрель кунлари шундай шартнома имзоланганлиги ҳақида Англиянинг Guardian газетаси, Mashable интернет-нашри, New York Magazine журнали, CNBC телеканали сайти ва бошқа бир қатор нашрлар хабар тарқатишган. Бу материалларда кўрсатилишича, энди Францияда соат 18:00 дан кейин иш берувчи ва раҳбарлар ўз ходимларини безовта қилишмайди, ходимлар эса иш бўйича очилган почтасига кира олмайди.
Аслида эса Франциядаги интернет технологиялари соҳаси ходимларига 13 соат вақтини ишда ўтказганидан кейин касбий фаолият билан боғлиқ бўлган электрон хатларга жавоб қайтармасликка рухсат берилган, холос. Шу ҳақдаги шартнома Франциядаги CFDT ва CGC касаба уюшмаси раҳбари ва маҳаллий иш берувчилар федерацияси вакиллари орасида имзоланган.
Масалани ўрганиб чиққан Buzzfeed нашри шартноманинг нусхасини қўлга киритган. Аниқланишича, томонлар имзолаган шартномада куннинг аниқ бирор вақти кўрсатилмаган.
Изоҳ (0)