Корея Республикаси узоққа учадиган янги баллистик ракеталарни самарали тарзда синовдан ўтказди. Улар қўшни Шимолий Корея ҳудудидаги ҳар қандай нуқтада жойлашган нишонни йўқ қилиш қудратига эга. Бу ҳақда мамлакат ҳарбий доираларига таянган ҳолда «Ренхап» агентлиги хабар бермоқда, деб ёзади «РИА Новости».
Манбалар хабарига кўра, 23 март куни Ҳарбий тадқиқотлар агентлиги 500 километр масофага учувчи ракеталар учирган, улардаги портловчи модда бир тонна миқдорида бўлган. Синовлар мамлакат ғарбидаги Чхунчхон-Намдо провинцияси Тхеан уездидаги полигонда ўтказилган. «Ракеталар белгиланган нуқтадаги нишонни аниқ уради», – дея қўшимча қилади манба.
Айтиш керакки, 1979 йили Сеул ва Вашингтон ўртасида имзоланган битимга кўра, Жанубий Корея 180 километрдан узоққа учадиган ва 500 килограммдан ортиқ портловчи моддаси бўлган баллистик ракеталар яратиши тақиқланган. Шундан буён Корея Республикаси бу чекловни олиб ташлашни сўраб АҚШга бир неча марта мурожаат этган. У Шимолий Корея томонидан бўладиган таҳдидларга қарши тура оладиган даражада ҳарбий қудратга эга бўлишни хоҳлайди.
АҚШ ва Жанубий Корея ўртасида 2001 йили имзоланган янги битимда чеклов қисман олиб ташланган – унда мамлакат 300 километргача узоқликка учувчи ракеталар тайёрлаши мумкинлиги қайд этилган. 2012 йилнинг октябрида имзоланган янги битимга кўра эса Жанубий Корея 800 километргача масофага учувчи, портловчи моддаси оғирлиги 500 килограммгача бўлган ракеталар тайёрлаши мумкин. Шунингдек, агар ракета учиш масофаси 300 километргача бўлса, унинг портловчи моддасини 1,5 тоннагача оширишга рухсат этилган.
Изоҳ (0)