Исроил 6 май куни, апрель ойида Ливан ва “Ҳизбуллоҳ” билан эришилган сулҳдан сўнг илк бор пойтахт Байрутга ҳужум қилди. Шаҳарнинг жанубий чеккасида гуруҳнинг элита “Радван” бўлинмаси қўмондони нишонга олингани маълум қилинди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Исроил Кац бу ҳақда қўшма баёнот берди. Исроил ОАВ зарба оқибатида қўмондон ўлдирилганини хабар қилди. Бироқ Исроил ҳарбийлари ёки “Ҳизбуллоҳ” бу маълумотни ҳали расман тасдиқлаганича йўқ.
Ливандаги сулҳ АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишувининг асоси ҳисобланади. Исроилнинг Ливандаги зарбаларини тўхтатиш Эроннинг асосий талаби эди. Вашингтон ва Теҳрон келишувга яқинлашаётган бир пайтда, ушбу зарбалар сулҳни хавф остига қўймоқда. Ҳозирда Исроил қўшинлари Литани дарёсидан жанубда қолмоқда ва Ливан жанубида зарбалар давом этмоқда.
“Ҳизбуллоҳ” бунга жавобан Исроил аскарлари томон дронлар ва ракеталар учирган. Шунингдек, Исроил 6 май куни Литани дарёсидан шимолдаги бир нечта қишлоқ аҳолисини эвакуацияга чақирди. Бу Исроил ҳарбий ҳаракатлар зонасини кенгайтириши мумкинлигидан далолат беради.
Дипломатик алоқа ва зиддиятлар
Исроил ва Ливан ўртасидаги музокаралар элчилар даражасида давом этмоқда. Ливан бош вазири Наваф Салам юқори даражадаги учрашувлар ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини айтди. Саламнинг сўзларига кўра, сулҳни мустаҳкамлаш Вашингтондаги янги музокаралар учун асос бўлиши керак.
Апрель ойида Вашингтонда Исроил ва Ливаннинг АҚШдаги элчилари ўртасида 33 йилда илк бор икки марта учрашув ўтказилди. “Ҳизбуллоҳ” бу каби алоқаларга кескин қаршилик кўрсатмоқда.
Трамп режаси ва Ливан позицияси
23 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп сулҳ муддати уч ҳафтага узайтирилганини эълон қилди. У яқин вақт ичида Нетаньяху ва Ливан президенти Жозеф Аунни қабул қилишни режалаштирганини айтди. Трамп икки мамлакат ўртасида 2026 йил тинчлик битими имзоланишига катта имконият бор деб ҳисобламоқда.
Наваф Салам Ливан Исроил билан алоқаларни нормаллаштиришни эмас, балки тинчликка эришишни истаётганини билдирди.
“Бизнинг минимал талабимиз Исроил қўшинларини олиб чиқиб кетиш муддатидир”, деди у.
Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш режасини ишлаб чиқади. Президент Жозеф Аун эса Нетаньяху билан учрашишнинг вақти келмаганини айтди. У учрашувдан олдин хавфсизлик келишувига эришиш ва ҳужумларни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.
Тўқнашув ва йўқотишлар
Исроил Ливан жанубига 10 километр ичкари кириб бориб, хавфсизлик зонасини ташкил қилган. Тель Авив буни ўз шимолий ҳудудларини ҳимоя қилиш билан изоҳламоқда. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 6 май куни ҳам мамлакат жанубига ҳужумлар давом этди. Жумладан, Зелая шаҳридаги зарба оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Улар орасида икки аёл ва бир кекса эркак бор.
2 мартдан бери Ливандаги урушда 2700 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Исроил томонининг маълумотига кўра, шу вақт ичида Ливан жанубида 17 нафар исроиллик аскар ва шимолда икки нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлди.








