АҚШ президенти Дональд Трамп Ливанга берилган зарбалар туфайли Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни телефон орқали ҳақоратли сўзлар билан уришиб берди. Бу ҳақда манбаларга таяниб Axios хабар берди.
Манбаларга кўра, Трамп суҳбатда Исроил ҳукумати раҳбарини “ақлдан озган” деб ҳам атаган. У коррупцияга оид иш бўйича Нетаньяхуга қамоқ жазосидан қутулиб қолишга ёрдам берганини эслатган.
Шунингдек, Ливанга берилган зарбалар туфайли Нетаньяхуни “ҳамма ёмон кўраётгани” ва бу унинг мамлакатини янада кучлироқ халқаро яккаланишга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Сен ақлдан озгансан. Мен бўлмаганимда қамоқда ўтирардинг, сени қутқаряпман. Ҳозир сени ҳамма ёмон кўриб қолди. Мана шу ишларинг туфайли ҳамма Исроилдан нафратланмоқда”, деган у.
Трамп тинч аҳоли орасидаги қурбонлардан хавотирда
1 июнь куни Нетаньяху Эрон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан зиддият кучайганини рўкач қилиб, Байрутнинг жанубий чеккаларига зарба беришга буйруқ берди. Бундан бир кун аввал “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроил шимолий ҳудудларига берган зарбаларидан кейин Нетаньяху Ливандаги қуруқликдаги операцияни ҳам кенгайтирган эди.
АҚШ маъмуриятига яқин манбаларнинг Axios’га маълум қилишича, телефон суҳбати чоғида Трамп Ливандаги тинч аҳоли орасида қурбонлар сони кўплиги ҳамда “Ҳизбуллоҳ”нинг бир неча қўмондонини йўқ қилиш амалиёти учун турар жой бинолари бузиб ташланаётганидан хавотир билдирган.
Трамп телефон суҳбатидан сўнг Исроил ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати оташкесим бўйича келишувга эришганини таъкидлади. У Нетаньяху билан “жуда самарали суҳбат” ўтказганини билдирди. Шундан сўнг, Байрутга қўшин юбормаслик тўғрисида қарор қабул қилингани ва бу йўналишда ҳаракатланаётган бўлинмалар ортга қайтарилганини айтди.
“Мен Исроил бош вазири Биби Нетаньяху билан жуда самарали мулоқот олиб бордим ва Байрутга ҳеч қандай қўшин юборилмайди. Йўлда бўлган барча бўлинмалар ортга қайтарилди. Бундан ташқари, юқори мартабали вакиллар орқали “Ҳизбуллоҳ” билан жуда яхши суҳбатлашдим ва улар ўт очишни бутунлай тўхтатишга рози бўлди. Исроил уларга ҳужум қилмайди ва улар ҳам Исроилга ҳужум қилмайди”, деди АҚШ раҳбари ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.








