Исроил ҳукумати 16 март куни Ливан билан чегарадош ҳудудларда яшовчи ўз фуқароларининг хавфсизлиги тўлиқ таъминланмагунча, ҳарбий амалиётлар сабаб уй-жойини ташлаб кетган ливанликлар ортга қайта олмаслигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кацнинг армияга амалиётларни кенгайтириш ҳақидаги буйруғидан бир неча кун ўтиб, яҳудий давлати қўшинлари Ливан жанубидаги янги ҳудудларга кириб борди. Исроил ҳарбийлари матбуот котиби Надав Шошани брифингда аскарлар шу пайтгача операция ўтказилмаган янги нуқталарда ҳаракат қилаётганини тасдиқлади.
Мудофаа вазири, шунингдек, агар “Ҳизбуллоҳ” қуролсизлантирилмаса, мамлакат ҳудудий йўқотишлар ва инфратузилмага жиддий зарар етиши хавфи остида қолиши ҳақида огоҳлантирди.
Шиа гуруҳи ҳисобланган “Ҳизбуллоҳ” ўз ҳужумларини 28 февраль куни — АҚШ-Исроилнинг Эрон билан уруши бошланган илк кунда Эрон олий раҳнамосининг ўлдирилишига жавоб экани билан изоҳлади. Исроил бунга жавобан Ливанни интенсив равишда бомбардимон қилмоқда.
Исроил ҳарбийлари 2 мартдан бошланган қуруқликдаги ҳужумни шимолий ҳудудларни ҳимоя қилишга қаратилган мудофаа чораси деб атамоқда. Маълумотларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” томонидан ҳар куни ўртача камида 100 та ракета ва дрон учирилмоқда, уларнинг айримлари Исроил марказигача етиб бормоқда.
“Ғазо сценарийси” такрорланадими?
Кац ливанлик қочқинларнинг қайтишини чегара хавфсизлиги билан боғлади.
“Ливан жанубидан ва Байрутдан эвакуация қилинган ёки қилинаётган юз минглаб шиа аҳолиси, шимолий ҳудудларимиз аҳолиси хавфсизлиги таъминланмагунча, Литани чизиғидан жанубдаги ҳудудларга қайтмайди”, деди у ўз баёнотида.
Шунингдек, у ҳарбийларга Ливан жанубидаги қишлоқларда жойлашган “террорчилик инфратузилмалари”ни йўқ қилиш бўйича кўрсатма берилганини айтиб, бу амалиётларни Исроил кучлари томонидан деярли бутунлай вайрон қилинган Ғазо сектори шаҳарларидаги операцияларга қиёслади.
Кац, шунингдек, “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳозирги етакчиси Наим Қосим ҳам ўзидан олдинги раҳбар ва Эрон олий раҳнамоси каби Исроил зарбалари қурбонига айланиши мумкинлигига шама қилди. Қосим ўтган ҳафта ўз ҳаётига бўлаётган таҳдидларни “фойдасиз” деб атаган эди.
Стратегик ҳудудлар назорат остига олинмоқда
Reuters агентлигининг Ливан хавфсизлик хизмати манбаларига таяниб хабар беришича, ўтган дам олиш кунлари Исроил қўшинлари чегарадан 6 километр шимолда жойлашган стратегик аҳамиятга эга Хиям шаҳрини қуршаб олди.
Ҳозирда Исроил кучлари ушбу шаҳар устидан назоратни ўрнатиб, ғарбга — Литани дарёси томон илгариламоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу қадам Ливан жанубидаги катта ҳудудларнинг мамлакатнинг қолган қисмидан узилиб қолишига ва Исроил назоратига ўтишига олиб келиши мумкин.
Дипломатия борми?
Якшанба, 15 март куни икки Исроил расмийси яқин кунларда “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантиришни назарда тутувчи барқарор сулҳ бўйича музокаралар ўтказилишини билдирди. Бироқ Ливан томони ҳозирча музокаралар яқин орада ўтказилишига шубҳа билан қарамоқда. Манбаларнинг таъкидлашича, Исроил айни пайтда дипломатиядан кўра, кўпроқ жанубга бостириб киришга эътибор қаратмоқда.








