Шавкат Мирзиёев 12 май куни озиқ-овқат хавфсизлиги тизимини халқаро стандартларга мослаштириш ва чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда мамлакатда 4 миллион гектар экин майдони, 1,5 миллион тонна сиғимга эга сақлаш омборлари ва 3,5 миллион тонналик қайта ишлаш қувватлари мавжуд. Бу имкониятлар аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш ҳамда йилига 4 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконини бермоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон 2030 йилгача озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш ва экспорт географиясини яна 100 та давлатга кенгайтиришни мақсад қилгани таъкидланди. Бунинг учун озиқ-овқат хавфсизлиги тизими халқаро стандартларга тўлиқ мос бўлиши зарурлиги қайд этилди.
Ҳозирга қадар озиқ-овқат хавфсизлиги ва назорати билан учта алоҳида идора шуғулланиб келаётгани, бунинг оқибатида санитария, ветеринария ва карантин органлари ўртасида ягона маълумотлар базаси шаклланмагани айтилди. Айрим вазифа ва функциялар бир-бирини такрорлаётгани сабаб тадбиркорлар экспорт ва импорт жараёнларида ортиқча бюрократик тўсиқларга дуч келаётгани кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда Ўсимликлар карантини агентлигида 100 та, Ветеринария қўмитасида 115 та, санитария-эпидемиология тизимида эса 44 та вазифа ва функция мавжудлиги қайд этилди. Шу билан бирга, маҳсулотни “етиштиришдан истеъмолчигача” кузатиб бориш тизими тўлиқ жорий қилинмагани таъкидланди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан мамлакат маҳсулотларида пестицид қолдиқлари билан боғлиқ 25 та огоҳлантириш берилгани маълум қилинди. Бу эса халқаро бозорларда рақобатбардошликни ошириш учун маҳсулот хавфсизлигини назорат қилиш тизимини тубдан ўзгартириш зарурлигини кўрсатиши қайд этилди.
Мутасаддилар амалда назорат органлари асосан якуний маҳсулотни текшириш билан чекланиб қолаётгани, ишлаб чиқариш занжири бўйлаб халқаро хавфсизлик стандартларини жорий этишга етарли эътибор қаратилмаётганини билдирган. Шу сабаб озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасини чуқур ислоҳ қилиш ва халқаро талабларга мос ягона марказлашган тизим яратиш белгиланди.
“Даладан дастурхонгача” тамойили асосида ишлайдиган Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади. Қўмита Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария қўмитаси ҳамда Санэпидқўмитанинг озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишлари негизида шакллантирилади.
Янги тизимда эскирган, тадбиркор фаолиятига тўсиқ бўлаётган текширувлардан воз кечилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлаш бекор қилиниб, унинг ўрнига хавфга асосланган назорат ва текширув тартиби жорий этилади.
12 май куни президент қарори билан Президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили Азизбек Ўрунов ўриндошлик асосида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси лавозимига тайинланганди. Элёр Талабоев ва Фурқат Жалилов раис ўринбосарлари этиб тайинланган.








