Сирдарё вилоятига 2026 йилда 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгуси устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Мажлисда сўнгги йилларда амалга оширилган янгиланишлар натижасида вилоят иқтисодиётида муҳим таркибий ўзгаришлар юз бергани қайд этилди. Илгари асосан қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлган ҳудудда саноат ва хизматлар соҳаси жадал ривожланиб, бизнес муҳити яхшиланган. Шунингдек, фаол ва илғор тадбиркорлар қатламининг шакллангани таъкидланди.
Маълумотларга кўра, ўтган йили Сирдарё вилояти иқтисодиёти 9,8 фоизга ўсган. Саноат ишлаб чиқариши 8,2 фоизга ошиб, бу кўрсаткич бўйича вилоят ҳудудлар орасида тўртинчи ўринни эгаллаган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ҳам сезиларли ошиб, 2017 йилдаги 10 миллион сўмдан 2025 йилга келиб 38,1 миллион сўмга етган, яъни қарийб 3,8 баробарга кўпайган.
Ўтган йил давомида вилоятда умумий қиймати 333 миллион доллардан ортиқ бўлган 42 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилган. Ушбу лойиҳалар натижасида 17,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилгани қайд этилди.
Йиғилишда Сирдарёни Хитой тажрибаси асосида илғор инновацион ҳудудга айлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Хитой провинциялари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилгани, шунингдек Корея Республикаси, Япония ва Малайзияга амалга оширилган хизмат сафарлари давомида инвесторлар билан музокаралар ўтказилиб, юзлаб миллион долларлик лойиҳалар шакллантирилгани таъкидланди.
Жумладан, Гулистон туманида 300 миллион долларлик чорвачилик мажмуаси ва болалар учун озиқ-овқат ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича келишувга эришилган. Янгиер шаҳрида эса Франциянинг “Bonduelle” компанияси билан ҳамкорликда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, рақамли иқтисодиёт, косметика саноати, агросаноат ва қайта ишлаш йўналишларида ҳам янги инвестиция ташаббуслари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Ширин шаҳрида дата-марказ, Гулистон шаҳрида инкубация ва акселерация марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар шакллантирилган.
Йиғилиш якунида жорий йилда вилоятга 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг ҳисобига ялпи ҳудудий маҳсулотни 9 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 8,2 фоизга, хизматлар соҳасини 15,4 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ҳамда қурилиш ҳажмини 15 фоизга ошириш режалаштирилган.








