Daryo

Навоий вилоятига 2026 йилда 4,2 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилинади

Президент раҳбарлигидаги йиғилишда вилоятда ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифалар муҳокама қилинди. Унда 2026 йилда 4 млрд доллардан кўпроқ хорижий инвестиция жалб қилиниб, экспорт ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш муҳимлиги қайд этилди.

2 дақиқа ўқиш5 871 кўришлар0 изоҳ4

Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Илгари Навоий саноати деганда асосан Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийуран”, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент” каби йирик тармоқ корхоналари назарда тутилар, инвестиция ҳам, иш ўринлари ҳам, иқтисодий ўсиш ҳам айнан шу корхоналар фаолиятига боғлиқ эди.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва янги ўсиш нуқталарини аниқлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида 2025 йилда йирик тармоқ корхоналарига боғлиқ бўлмаган ҳудудий инвестициялар ҳажми 1,4 миллиард долларга етди. 2026 йилда ушбу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, ўтган йилда вилоятда макроиқтисодий барқарорлик таъминланди. Ялпи ҳудудий маҳсулот 168 триллион сўмни ташкил этиб, 7,7 фоизга ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида 8,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз, хизматлар соҳасида эса 13,7 фоиз ўсиш қайд этилди. 161 мингта янги иш ўрни яратилди, ишсизлик ва камбағаллик даражаси 4,2 фоизга тушди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент таъкидлаганидек, ҳар бир туман ва шаҳарни уларнинг солиштирма устунликларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш зарур.

Хусусан, Нурота ва Ғозғонда пардозбоп тошлар ва туризм, Томди ва Учқудуқда тоғ-кон саноати, Навбаҳорда тўқимачилик ва боғдорчилик, Конимехда яйлов чорвачилиги, Зарафшонда заргарлик ва ахборот технологиялари, Карманада кимё саноати ва маданий туризм, Навоий шаҳрида эса машинасозлик ва сервис соҳалари бўйича катта салоҳият борлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, саноат ривожи ҳудудлар кесимида номутаносиб экани қайд этилди. Вилоят бўйича жон бошига саноат маҳсулоти ҳажми 177 миллион сўмни ташкил этса-да, Томди, Нурота, Хатирчи, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларида ушбу кўрсаткич республика ўртача даражасидан паст қолмоқда. Ваҳоланки, Томди ва Нурота мармар, кварс ва базалт каби табиий ресурсларга бой.

Шу муносабат билан Нурота туманида 50 гектар майдонда гранит саноат парки, қайта ишлаш кластери ва пардозбоп тошлар бозорини ташкил этиш, Хатирчи туманида 50 гектар майдонда кичик саноат зонасини ишга тушириб, 100 миллион долларлик юқори қийматли лойиҳаларни жойлаштириш таклифлари маъқулланди. Пардозбоп тошлар ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш вазифаси қўйилди.

Ушбу қувватларни кадрлар билан таъминлаш мақсадида Навоий рақамли технологиялар техникумида тоғ-кон ва кимё саноати учун кадрлар тайёрлаш маркази ташкил этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Умуман, жорий йилда вилоятга 4,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиб, экспорт ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш муҳимлиги қайд этилди. Йиғилишда вилоятнинг кичик ва ўрта корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларни маҳаллийлаштиришга кенгроқ жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Вилоятдаги 9 миллион гектар яйлов қўйчилик, туячилик ва йилқичиликни иқтисодиёт драйверига айлантириш учун етарли. Чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 2026 йилда хориждан майда шохли мол, зотли туя ва отлар олиб келинади.

Умуман, вилоятдаги 3,3 млн гектар яйлов лойиҳавий ёндашув асосида қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилади. Хитойнинг чўлланишга қарши кураш тажрибаси асосида Навоийда чўлланишни бартараф этишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилади.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар