2026 йил биринчи чораги якунига кўра Ўзбекистонга қарийб 3 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрди, туризм экспорти эса 1 миллиард 103 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда президент раислигидаги видеоселекторда маълум қилинди.
Йиғилишда қайд этилишича, бундай юқори натижаларга “туристик релокация” омили ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Дунёда миллионлаб сайёҳлар тинч, хавфсиз ва синалган йўналишларни излаётгани таъкидланиб, Ўзбекистон ушбу талабдан унумли фойдаланиши зарурлиги билдирилди.
Шунингдек, мамлакатда кўплаб тарихий обидалар мавжудлиги, янги ва ноёб туристик масканлар барпо этилаётгани қайд этилиб, соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар ҳар бир сайёҳ учун курашиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Ҳозирдан бошлаб ҳар бир туман кесимида туристик жозибадорликни ошириш бўйича комплекс таклифлар пакетини тайёрлаш топширилди.
Йиғилишда бугунги шароитда барча раҳбарлар эҳтимолий хатарларни камида 2–3 хил сценарий асосида олдиндан баҳолаб, асосий режаларга қўшимча захира режаларини ҳам ишлаб чиқиши шартлиги қайд этилди.
Вилоят ва туман ҳокимларига ишни мутлақо янгича ташкил этиш вазифаси юклатилди: уч кун ичида “ақл маркази”, олий таълим муассасалари профессорлари ҳамда стартапчи ёшларни жалб қилиб, меҳнат унумдорлиги, таннарх, энергия самарадорлиги, иш ўринлари ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича янги ечимлар ишлаб чиқиши, бир ҳафта ичида эса жорий йилда амалга ошириладиган ностандарт ўзгаришлар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка ҳисобот бериши белгиланди.
Ушбу мажлисда Нурафшон шаҳар ҳокими бюрократик тўсиқлар сабаб икки йилдан буён қурилишни бошлай олмаётган тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатиш ўрнига, мазкур ҳолат қандай қилиб президент даражасигача етиб борганини аниқлаш билан банд экани танқид қилинган.








