Daryo

“Ҳарбий жиноят”: Исроилнинг Байрутга ҳужумида 250 дан ортиқ одам ҳалок бўлди (видео)

Ливан пойтахтига 100 дан ортиқ авиазарбалар берилди. Исроил буни пейжер операциясидан кейинги энг йирик зарба деб атади ва “Ҳизбуллоҳ” нишонга олинганини даъво қилди. Ливан ҳукумати қурбонлар тинч аҳоли вакиллари эканини таъкидлади.

2 дақиқа ўқиш5 232 кўришлар0 изоҳ2

Исроил 8 апрель куни Байрут марказидаги аҳоли зич яшайдиган савдо ва турар жой ҳудудларига огоҳлантиришсиз зарбалар берди. Оқибатда камида 254 киши ҳалок бўлди, мингдан ортиқ одам жароҳатланди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Авиаҳужумлар АҚШ ва Эрон ўт очишни тўхтатишга келишганидан бир неча соат ўтиб амалга оширилди. Ливан соғлиқни сақлаш вазири Ракан Насириддин мамлакат бўйлаб “100 дан ортиқ ҳаво ҳужумлари” уюштирилганини айтди.

“Тез ёрдам машиналари жабрланганларни шифохоналарга олиб кетмоқда. Биз халқаро ташкилотларни Ливан соғлиқни сақлаш соҳасига ёрдам беришга чақирамиз”, деди у.

Авиаҳужумлар Байрут, Бека водийси ва Ливан жанубидаги ҳудудларга қаратилган. Исроил мудофаа вазири Исроил Кац ҳужумларда “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмаси нишонга олинганини даъво қилди. Унинг сўзларига кўра, бу 2024 йилдаги пейжерлар портлатилиши операциясидан кейинги энг йирик зарба ҳисобланади.

Исроил армияси “зарбага учраган инфратузилманинг аксарияти тинч аҳоли яшайдиган ҳудудлар марказида жойлашганини” ва “алоқадор бўлмаган шахсларга зарар етказмаслик учун имкон қадар чоралар кўрилганини” таъкидлади.

“Ҳизбуллоҳ” ҳужумларни қоралаб, тинч аҳоли пунктлари нишонга олинганини маълум қилди. Ливан парламенти спикери Набиҳ Берри буни “тўлиқ ҳарбий жиноят” деб атади. БМТнинг Ливан бўйича махсус координатори Жанин Ҳеннис ҳам Исроил ҳужумлари “давом этиши мумкинмаслигини” айтди.

“Ҳеч бир томон ўт очиш ёки зарба бериш орқали ғалаба қозона олмайди. Ҳозир барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, тўғридан тўғри музокаралар ва 1701-резолюцияга асосланган аниқ йўл харитаси вақти келди”, деди Ҳеннис.

У БМТнинг 2006 йилдаги резолюциясига ишора қилди, унда “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақириқ мавжуд.

Ҳаво ҳужумлари АҚШ ва Эрон беш ҳафтадан ортиқ давом этган урушдан сўнг икки ҳафталик сулҳга келишганидан бир неча соат ўтиб содир бўлди. Воситачи Покистон эса Ливан ҳам келишувга киритилганини билдирди. Бироқ Исроил бош вазири Бенжамин Нетаньяху сулҳ Ливанга тааллуқли эмаслигини айтиб, ҳужумлар давом этишини маълум қилди.

Биз “Ҳизбуллоҳ”га зарба беришда давом этмоқдамиз, деди у ва Исроил “бармоғи тепкида” эканини ва “ҳар қандай пайтда” Эрон билан жангга қайтишга тайёрлигини қўшимча қилди.​

“Ҳимоясиз тинч аҳоли”

Ливан бош вазири Наваф Салам Исроил аҳоли зич жойлашган ҳудудларга ҳужум қилиб, “ҳимоясиз тинч аҳолини” ўлдирганини айтди. У Исроилни халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини бутунлай менсимасликда айблади.

“Ливан барча дўстларини мавжуд имкониятлар орқали бу тажовузни тўхтатишга ёрдам беришга чақиради”, деди Салам.

“Ҳизбуллоҳ” вакили Иброҳим ал-Муссавий агар Исроил “ўт очишни тўхтатишга риоя қилмаса”, Эрон ва унинг иттифоқчилари жавоб қайтариши мумкинлигини билдирди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар