Daryo

Теҳрон урушни истамайди, аммо бунга тайёр — Эрон ТИВ

Аббос Ароқчи Байрутга ташрифи чоғида Теҳрон Исроил ёки АҚШ билан қуролли тўқнашув тарафдори эмаслигини, бироқ ҳар қандай тажовузга муносиб жавоб қайтаришга шайлигини маълум қилди.

2 дақиқа ўқиш9 042 кўришлар0 изоҳ8

Эрон Исроил ёки АҚШ билан уруш қилиш истагида эмас, бироқ яна ҳужумга учраса, муносиб жавоб қайтаришга тайёр. Мазкур баёнот 8 январь куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи томонидан Ливан пойтахти Байрутга ташрифи чоғида маълум қилинди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Ливан пойтахтида журналистлар билан мулоқот қилган Ароқчи Теҳрон АҚШ билан ядровий дастур бўйича музокараларга тайёрлигини билдирди. Бироқ у мулоқот Вашингтоннинг буйруқларига эмас, балки ўзаро ҳурматга асосланиши шартлигини таъкидлади.

“Бизнингча, агар америкаликлар буйруқ беришдан кўра конструктив ва ижобий музокаралар фойдалироқ деган хулосага келса, ўшандагина натижага эришиш мумкин”, деди вазир.

Ароқчининг баёнотлари Исроилнинг Эронга янги зарбалар бериши ҳақидаги хавотирлар ортган бир вақтда янграмоқда. Маълумот ўрнида, июнь ойидаги 12 кунлик уруш давомида Исроил Эроннинг юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ва ядрошунос олимларини йўқ қилган эди. АҚШ эса Эроннинг уранни бойитиш объектларини бомбардимон қилганди.

“АҚШ ва Исроил Эронга ҳужумни синаб кўрди, аммо бу стратегия бутунлай муваффақиятсизликка учради. Агар улар буни яна такрорласа, яна шундай натижага дуч келади. Биз ҳар қандай танловга тайёрмиз. Биз урушни хоҳламаймиз, лекин бунга тайёрмиз”, дея таъкидлади Эрон ТИВ.

Трампнинг максимал босим кампанияси

АҚШ президенти Дональд Трамп 2025 йил февраль ойида Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик учун “максимал босим” кампаниясини қайта тиклаган эди. Ушбу кампания доирасида июнь ойида Эроннинг учта муҳим бойитиш иншоотига ҳаводан зарбалар берилган.

Трамп 2018-йилда 2015-йилги ядровий келишувдан бир томонлама чиққанидан сўнг, Эрон уранни 60 фоизгача бойитишга ўтган эди — бу қурол ясашга етарли кўрсаткич ҳисобланади. Теҳрон ўз дастури тинч мақсадларда эканини айтса-да, Ғарб ва МАГАТЭ Эроннинг 2003-йилгача уюшган ядро қуроли дастури бўлганини таъкидлаб келади.

2025 йил декабрь ойида Трамп Флорида штатида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан учрашувда Эронни огоҳлантириб, агар мамлакат ядровий дастурини тиклашга уринса, янги ҳарбий зарбалар берилиши мумкинлигини айтганди.

Ливан билан алоқалар ва қуролсизлантириш

Ароқчининг Байрутга ташрифи Ливан ҳарбийлари Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” каби гуруҳларни қуролсизлантириш режасининг биринчи босқичини якунлагани ҳақидаги баёноти билан бир вақтга тўғри келди. Эрон вазири иқтисодий делегация ҳамроҳлигида Ливан расмийлари билан минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилмоқда.

“Эрон Ливан билан ҳар томонлама алоқаларни, жумладан, иқтисодий шерикликни ривожлантириш истагида”, деди у.

Маълумот ўрнида, Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги сўнгги уруш 2023 йил 8 октябрда — ҲАМАСнинг Исроил жанубига ҳужумидан бир кун ўтиб, “Ҳизбуллоҳ” Ғазони қўллаб-қувватлаб Исроилга ракета отиши билан бошланган эди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар