Исроил ҳукумати Ливан маъмуриятини огоҳлантирдию Агар “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи АҚШ ва Эрон ўртасидаги юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можарога аралашса, Ливан фуқаролик инфратузилмаларига, жумладан, Байрут аэропортига қақшатқич зарба берилади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Огоҳлантириш ва кескин шартлар
Ливаннинг исми ошкор этилмаган икки юқори мартабали мулозими 24 февраль куни Исроилнинг ушбу хабари билвосита йўллар орқали етказилганини тасдиқлади. Ҳозирча яҳудий бош вазири Биньямин Нетаньяху идораси ва Ливан президентлиги ушбу маълумотга расмий муносабат билдирмади.
Ушбу таҳдидлар фонида, Уммон ташқи ишлар вазири Бадр Албусайдийнинг айтишича, 26 февраль куни Женевада Эрон ва АҚШ ўртасида ядровий келишув бўйича музокараларнинг учинчи раунди бўлиб ўтиши кутилмоқда.
“Яна бир саргузаштга ўрин йўқ”
Ливан бош вазири Навоф Салом 24 февраль куни берган интервьюсида “Ҳизбуллоҳ”ни мамлакатни навбатдаги “саргузашт”га етакламасликка чақирди.
“Ғазо саргузашти Ливан учун жуда қимматга тушди. Умид қиламизки, бизни яна бир можаро гирдобига тортишмайди”, деди бир йилдан бери “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантиришга уринаётган бош вазир.
“Ҳизбуллоҳ” позицияси
Гуруҳ етакчиси Наим Қосим январь ойида берган баёнотида Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги қарама-қаршиликда Ҳизбуллоҳ нейтрал эмаслигини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, гуруҳ вазиятга қараб иш тутиш ва аралашиш-аралашмаслик борасида ўзи қарор қабул қилади.
Вазият қанчалик жиддий?
Айни дамда АҚШ Давлат департаменти Байрутдаги элчихонасидан муҳим бўлмаган ходимлар ва уларнинг оилаларини олиб чиқиб кетишни бошлаган. Шунингдек, Вашингтон Эрон яқинида йирик ҳарбий куч тўплаган. Хусусан, USS Abraham Lincoln ва USS Gereld R. Ford авиаташувчилари минтақа томон ҳаракатланмоқда. Ушбу икки кема жами 5000 дан ортиқ ходим ва 150 та самолётни сиғдира олади.
Исроил 2024 йилдаги уруш давомида Исроил “Ҳизбуллоҳ”га оғир зарба бериб, унинг етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва минглаб жангчиларини йўқ қилган эди. 2024 йилги ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Исроил мунтазам равишда Ливан ҳудудига зарбалар бериб келмоқда. Маълумотларга кўра, сулҳдан кейин Ливанда 400 га яқин киши ҳалок бўлган.








