Эрон урушнинг дастлабки соатларидаёқ қақшатқич талафот кўрди. Аммо мамлакат бу кун учун салкам ярим аср тайёрланган эди. Ислом республикаси йиллар давомида ракета дастурини ривожлантирди, узоқ масофага зарба берувчи дронлардан сон-саноқсиз миқдорда ғамлаб қўйди. Ўзининг энг қимматли активларини сақлаш учун тоғларни ўйиб, ерости базалари қурди. Ҳозир эса буларнинг бари Эронга минтақанинг ва дунёнинг энг қудратли давлатлари билан жанг қилиш ва талафот етказиш имконини беряпти. Теҳрон шу билан чекланмай, бутун минтақани олов ичида қолдирди ва бу билан глобал даражада диққат марказига тушди.
Қўшма Штатлар ва Исроилнинг Эронга ҳужуми кутилмаганда бошланди. Шу боис Эрон раҳбарияти, жумладан, қўмондонлик занжири бошсиз қолдирилди. Бироқ Эрон мазкур сценарийга аллақачон тайёргарлик кўриб қўйганди. Шу боис ўлдирилган етакчилар ўрнини аввалдан келишилган шахслар эгаллади. Натижада бу иерархия қулаб, хаос бошланишининг олдини олди. Мамлакат бош дипломати Аббос Ароқчининг таъбири билан айтганда, 2025 йилги 12 кунлик урушда Эрон биринчи зарбадан 12 соат ўтиб жавоб қайтарган бўлса, бу сафар реакция кўрсатиш учун 2 соат кифоя қилди.
Ҳужумдан кейинги воқеалар араб давлатлари қўрққан сценарий асосида ривожланди. Эрон Исроилга зарба бериш билан чекланмай, Қўшма Штатларнинг минтақадаги базаларини ҳам нишонга олди. Бу эса ҳам тинч аҳоли, ҳам ҳарбийлар орасида йўқотишларга олиб келди. Қолаверса, зарбалар кўрфаз мамлакатлари мудофаасидаги заиф нуқталарни очиб берди. Шу билан бирга, Эрон қақшатқич талафотларга қарамай, жавоб қайтариши мумкинлигини кўрсатиб қўйди.
Бу можарони бошлаган икки давлатдан бири сифатида Қўшма Штатлар ҳам йўқотишларга учради. Бироқ томонларнинг талафотлари ҳақида алоҳида тўхталишдан олдин, уруш қандай бошланганига ва Эрон нима учун ҳужумнинг илк тўлқинини қайтара олмаганига эътибор қаратиш жоиз.
Ҳозирлик жараёнлари
Дональд Трамп Эронга ҳужум қилиш ҳақида 28 февраль куни буйруқ берди. Аммо бунга тайёргарлик бир неча ой олдин бошланганди. Пентагон аввалига бу каби йирик амалиётлар учун пойдевор ҳисобланган логистика занжирини йўлга қўйди. Қўшма Штатларнинг минтақадаги базалари юқори интенсивликда ишлашга мослаштирилди. Шунингдек, ўқ-дори, ёнилғи ва эҳтиёт қисмларининг захираси шакллантирилди.
Шундан сўнг минтақага бирма-бир қирувчи самолётлар, ҳавода ёнилғи қуйиш танкерлари, ракетага қарши мудофаа тизимлари ва ҳарбий кемалар олиб келинди. Жараёнда, айниқса, F-35 ва F-22 каби бешинчи авлод қирувчилари ҳамда авиаташувчилар шов-шув кўтарди. Улар Исроилга, шунингдек, Қўшма Штатларнинг Иордания, Қатар, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликларидаги базаларига жойлаштирилди.
АҚШ Эронга ҳужумни Tomahawk қанотли ракеталари билан бошлади. Қўшма Штатларнинг ушбу турдаги ракеталари 1 600 км масофадаги нишонларга радарларда сезилмай зарба бериши мумкин. Шу боис АҚШ ҳарбийлари улардан йирик ҳарбий операцияларда душман ҳаво мудофаа тизимлари ва қарор қабул қилиш марказларини йўқ қилишда фойдаланади. Эрон билан ҳам вақт синовидан ўтган худди шу усул қўлланди.
Талафотлар
Биргина Исроилнинг ўзи можаронинг дастлабки беш кунида 2 000 дан ортиқ жанговар парвоз амалга ошириб, Эронга қарши 5 000 дан зиёд ракета ва бомба қўллади. АҚШ эса худди шу давр ичида қарийб 1 300 та алоҳида нишонга зарба берди. Хусусан, ҳукумат идоралари, қўмондонлик марказлари, ҳарбий базалар ва ҳаво мудофаа тизимлари ҳужумга учради. Шунга қарамай, Эроннинг жавоб қайтариш салоҳияти ҳануз сақланиб қоляпти.
Қолаверса, мамлакат фақатгина Исроил билан чекланмай, Қўшма Штатларнинг минтақадаги базалари, бошқача айтганда, араб давлатларини ҳам нишонга олмоқда. Ҳужумлар натижасида яҳудий давлатининг камида 9 нафар фуқароси ҳалок бўлган. Бундан ташқари, Эрон осмонида Исроилнинг камида иккита Hermes 450 оператив-тактик дрони уриб туширилган. Аммо бу ҳаммаси эмас. Эронликлар Исроилнинг қирувчи самолётини ҳам уриб тушириши мумкин эди. Лекин ракета нишонга тегмади. Исроил раҳбарияти қатъий ҳарбий цензура ўрнатгани боис талафотлар ҳақидаги маълумотлар шу билан чекланади.
Яҳудий учувчи муқаррар ҳалокатдан қутулиб қолган бўлса-да, унинг баъзи америкалик ҳамкасбларига омад кулиб боқмади. Қўшма Штатларнинг Кувайт осмонида парвоз қилаётган учта F-15 қирувчи самолёти можаронинг дастлабки кунларидаёқ уриб туширилди. Олти нафар учувчининг барчаси катапулта механизми сабаб тирик қолди. Бироқ АҚШ учта самолётидан айрилиб, 150-300 млн доллар зарар кўрди. Кейинроқ маълум бўлишича, уларни Кувайт ҳаво мудофаа тизимлари уриб туширган. Йирик ҳаво кампаниялари вақти тез-тез кузатиладиган бундай ҳолат “дўстона ўт очиш” деб аталади.
Аммо Қўшма Штатларнинг талафотлари фақат бу билан чекланмайди. Кувайтда жойлашган портга зарба бериш натижасида камида 6 нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Ракета вақтинчалик бошқарув марказига келиб тушиб, ёнғинга сабаб бўлган. Шу боис жасадларини олиб чиқиш анча вақтга кечиккан.
Эрон, бундан ташқари, АҚШнинг минтақадаги радар станциялари, логистика базалари ва флот штаб квартираларини ҳам нишонга олган. Натижада THAAD ракетага қарши мудофаа тизимининг Иордания ва Бирлашган Араб Амирликларидаги радарлари зарар кўрган ё бутунлай ишдан чиқарилган. Уларнинг ҳар бири ярим миллиард доллардан бир миллиард долларгача баҳоланади. Қўшма Штатлар ҳарбийларида улардан атиги 14 та бўлган холос. Эрон бундан ташқари, АҚШнинг Қатарда жойлашган AN/FPS-132 стационар радар станциясига ҳам зарар етказган. У қитъалараро баллистик ракеталарни аниқлаш, кузатиш ва траекториясини ҳисоблашга мўлжалланган, қолаверса паст орбитадаги сунъий йўлдошларни мониторинг қиладиган 1,1 млрд долларлик объект эди.
Эронликларнинг тўхтовсиз зарбалари Қўшма Штатларга билвосита ҳам зарар етказяпти. Боиси Вашингтон иттифоқчилари ва минтақадаги базаларини ҳимоялаш учун жойлаштирган ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталар тугаб бормоқда. Масалан, Патриот тизимларида қўлланиладиган ракеталар 3—5, THAAD комплекси ракеталари эса 13—15 млн доллар туради. Одатда битта баллистик ракетани тутиб олиш учун улардан иккитаси учирилади. Reuters хабарига кўра, Пентагон ишлатилган захиралар ўрнини тўлдириш учун 50 млрд долларлик фавқулодда бюджет сўрови тайёрлаяпти.
Қўшма Штатлар Эрон ракеталарини тутиб олишда анча қийинчиликларга учраётган бўлса, Shahed дронларига қарши арзонроқ ечим топилди. Яъни АҚШ ҳарбийлари учувчисиз учиш қурилмаларини уриб туширишда APKWS II модули ўрнатилган Ҳйдра 70 ракеталаридан кенг фойдалана бошлади. Модул ва ракетанинг нархи тахминан 25—30 минг долларга боради. Бу бир неча миллион долларлик зенит ракеталардан анча арзондир. “Дарё” мухбири Саудия Арабистонида ўтган World Defense Show кўргазмасида қатнашиб, “Shahed’ларни овлаш” учун модернизация қилинган F-16 қирувчига гувоҳ бўлганди. Улар битта миссияда бу каби ракеталардан 42 та олиб учиши мумкин. Нишонларни мўлжалга олишда эса лазер йўналтиргичдан фойдаланилади.
Гап талафотларга келганда, араб давлатлари ҳам салмоқли йўқотишларга учради. Кувайт Эрон ҳужумларини қайтариш жараёнида икки нафар ҳарбий хизматчи ва тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилди. Бирлашган Араб Амирликларида ҳам уч нафар муҳожирнинг ёстиғи қуриди. Баҳрайнда эса икки киши қурбон бўлди. Абу Дабининг маълум қилишича, Эрон можаронинг дастлабки икки кунида ушбу мамлакатга камида 541 та дрон, 165 та баллистик ракета ва иккита қанотли ракета билан зарба берган.
Эронда инсон ҳуқуқлари бузилишини кузатиб борувчи HRANA агентлигининг маълум қилишича, можаро бошидан буён 1 200 га яқин эронлик қурбон бўлган. Бундан ташқари, Эроннинг радар станциялари, ракета ишлаб чиқариш корхоналари, ўқ-дори омборлари ва бошқалар йўқ қилинган. Шунингдек, Эрон ҳарбий денгиз кучларига тиклаб бўлмас даражада зарар етказилган. АҚШ Марказий қўмондонлиги хабарига кўра, мамлакат флотига тегишли 20 дан ортиқ кема, жумладан, Shahid Bagheri дрон ташувчиси сафдан чиқарилган.
Шунингдек, Шри Ланка қирғоқлари яқинида IRIS Dena фрегати чўктирилган. Натижада камида 87 нафар эронлик денгизчи ҳалок бўлган. Бундан ташқари, америкаликлар аэродромларда турган Su-22 ва F-4 Phantom каби қирувчилар нишонга олинган. Қолаверса, Теҳрон осмонида Yak-130 ўқув машғулот самолёти уриб туширилган. Аммо эскириб бўлган 4—5 та самолёт мамлакат учун энг оғриқли йўқотиш ҳисобланмайди. Теҳроннинг ҳақиқий бошоғриғи бошқа муаммо билан боғлиқ.
Уруш яна қанча давом этади?
Дональд Трамп ҳарбий кампания бошланганидан кўп ўтмай қилган мурожаатида Эронда режимни қулатиш нияти борлигини очиқ айтди. Қолаверса, ҳукуматнинг нерв толалари ҳисобланган объектларга зарба бериб, аҳолини давлат идораларини эгаллашга ундади. Шунга қарамай, мамлакат курашни давом эттирмоқда. Бироқ айни мана шу кун учун ўн йиллар давомида йиғилган захира яна қанчага етиши аниқ эмас. Эҳтимол АҚШ ва Исроил мамлакатнинг узоқ масофали баллистик ракеталар учиришга мўлжалланган барча платформаларини ишдан чиқариши мумкин. Бу соддароқ айтганда, Исроилга зарбалар тўхташини англатади. Бироқ Эронда Қўшма Штатларнинг минтақадаги базаларига етиб бора оладиган қисқа масофали баллистик ва қанотли ракеталарнинг сони ҳам, тури ҳам кўп. Энг муҳими, уларни учириш учун баҳайбат юк машиналари талаб этилмайди. Бу эса платформаларни аниқлаш ва йўқ қилишни қийинлаштиради.








