АҚШ президенти Дональд Трамп Эрондаги ҳарбий операция узоқ давом этиши ёки 2-3 кунда тугаши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Трамп Эронга ҳужумлар фонида вазиятни юмшатиш учун бир нечта “чиқиш” вариантлари борлигини айтди.
Мен узоқ йўлни босиб ўтиб, ҳаммасини тўлиқ назорат остига олишим ёки ҳаммасини икки-уч кунда тугатишим ва эронликларга: “Агар (ядро дастурингизни) қайта тиклашни бошласангиз, бир неча йилдан кейин кўришамиз” дейишим мумкин, деди АҚШ президенти.
Трампнинг таъкидлашича, Эрондаги операцияга ядровий музокараларда олдинга силжиш йўқлиги сабабли “яшил чироқ” ёқилган.
Эронликлар гоҳ келишувга яқинлашар, гоҳ яна чекинар — яқинлашар ва чекинарди. Шундан тушундимки, улар аслида келишувга эришишни исташмаяпти, деди у.
Исроил ва АҚШ 28 февраль куни Эронга ҳужумларни бошлади, бунга жавобан Ислом республикаси АҚШнинг Яқин Шарқдаги базаларига ва Исроилга ракеталар учирди. Ҳозирда Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Баҳрайнда портлашлар қайд этилган. АҚШнинг Баҳрайндаги базаси жиддий шикастланган. Минтақа давлатларининг аксарияти ўзининг ҳаво ҳудудини ёпган ва бу давлатларга кириш ва чиқиш рейслари тўхтатилган.








