АҚШ президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар Эронга қарши йирик ҳарбий амалиёт бошлаганини маълум қилди. Оқ уй раҳбари шу ҳақда гапирар экан, эронликларнинг жавоб зарбаси сабаб АҚШ қуролли кучлари йўқотишларга учраши мумкинлигини таъкидлади.
Дональд Трампнинг айтишича, Эронга ҳужумдан мақсад мамлакатнинг ракета салоҳиятини йўқ қилиш ва ҳарбий денгиз кучларини “бутунлай зарарсизлантириш”дир. Қуролли можаро Эрон ядровий дастури бўйича Женевада ўтган музокаралар муваффақиятсиз якунланганидан сўнг бошланди.
АҚШ ҳарбийлари жанговар амалиётга “Эпиc Фурй” деб ном берди. Бу ҳақда Пентагон ўзининг X саҳифасида маълум қилди. Қўшма Штатлар расмийларга кўра, амалиёт бир неча кун давом этиши мумкин. Бу Дональд Трамп Оқ уйга қайтган 2025 йил 20 январь санасидан буён Эронга қилинган иккинчи йирик ҳужум кампанияси ҳисобланади. Аввалроқ Қўшма Штатлар ўтган йил июнь ойида мамлакат ядровий объектларига зарба бериб, бу учун стратегик бомбардимончилардан фойдаланган эди.
Эрон ўз суверенитети бузилишига жавобан Исроил ва Қўшма Штатларнинг минтақадаги базаларини нишонга олди. Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Иордания ҳудудига эронликлар томонидан учирилган ракеталар келиб тушди. Абу-Даби шаҳрида тутиб олинган ракета қолдиқлари сабаб бир нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Можаро сабаб Қўшма Штатларнинг минтақадаги ҳарбийлари орасидан ҳам қурбонлар берилиши мумкин. АҚШ президенти бу ҳақда ўзининг Truth Social тармоғида тўхталди.
“Маъмуриятим минтақадаги АҚШ ҳарбий хизматчиларига хавфларни камайтириш учун барча чораларни кўрди. Шунга қарамай, Эрон режими уларни ўлдиришга интилмоқда”, деган у видеомурожаатида.Унинг сўзларига кўра, уруш шароитида АҚШ ҳарбийлари ҳам ҳалок бўлиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди.
“Жасур америкалик қаҳрамонлар ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Бу урушда тез-тез содир бўлади. Аммо биз бу ишларни бугун учун эмас, келажак учун қилмоқдамиз. Бу шарафли миссия”, деган Оқ уй раҳбари.АҚШ президенти, бундан ташқари, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига мурожаат қилиб, тузилма ходимларини қуролларни ташлашга чақирди. Дональд Трамп, улар бундай қилмаган тақдирда, “муқаррар ўлим” билан юзлашишларини айтди.
Натижасиз якунланган музокаралар
Сўнгги ҳафталарда Вашингтон ва Теҳрон ўртасида Эроннинг ядровий дастури бўйича бир неча роунддан иборат музокаралар ўтказилган эди. Энг сўнгги учрашув Женева шаҳрида бўлиб ўтди. Бироқ томонлар келишувга эриша олмади. АҚШ президентининг даъво қилишича, бунга Эрон ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамагани сабаб бўлган. Теҳрон эса Вашингтон қабул қилиб бўлмас талаблар қўйганини таъкидлаган.








