Daryo

Тошкентда қарзини сохта доллар билан тўлаган шахс қўлга олинди

У танишидан 4 минг доллар пулни маҳсулот етказиб бериш эвазига олган ва ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.

1 дақиқа ўқиш4 698 кўришлар0 изоҳ2

Тошкентда танишининг пулларини қўлга киритиб, ўрнига сохта купюраларни берган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.

Қайд этилишича, Янгиҳаёт туманида ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, муқаддам судланган фуқаро Р.Т. таниши М.X.нинг ишончига кириб, унга 4 тонна помидор етказиб бериши эвазига 4 минг доллар олган ва пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Гумонланувчи ушбу пулларни қайтармаслик мақсадида 100 долларлик сохта купюралардан 4 минг доллар қилиб, танишига берган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказишни назарда тутувчи моддалари билан иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Сохта купюралар билан боғлиқ ҳолатлар

Аввалроқ Сирдарё вилоятида қалбаки АҚШ долларларини ўтказмоқчи бўлган фуқаролар қўлга олинганди. Оқолтин туманида бир неча шахс “Сардоба” ЙПХ маскани олдида 100 долларлик купюрадаги қалбаки 1 600 долларни 10,2 миллион сўмга сотган вақтида ушланган.

Тошкент вилоятида кузатилган ҳолатларда эса 10 минг долларни ноқонуний сотишга уринган шахслар ва қалбаки 100 минг сўмлик купюраларни тайёрлаш билан шуғулланган оила аъзолари қўлга тушган.

Жиззахда ҳам шу каби ҳолат кузатилиб, икки фуқаро 51 минг доллар ҳамда 200 минг сўмлик купюрали қалбаки 100 миллион сўмни пулларни 93 миллион сўмга сотишга келишиб, банк пластик картасига 39,2 миллион сўмни ўтказиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Qashqadaryo viloyatidanman. O’zbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti, Xalqaro jurnalistika yo‘nalishi talabasiman. “Daryo”da 2025-yilning avgust oyidan buyon ishlayman. Xabarlar yozaman. Sevimli kitobim Jek Londonning “Martin Iden” asari. Har yili Andrey Tarkovskiyning “Nostalghia” filmini kamida bir marta qayta ko‘raman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар