“Ўзгидромет” декабрда ўзбекистонликларни қандай об-ҳаво кутаётгани ҳақида маълумот берди.
Декабрь қиш фаслининг биринчи ойидир. Ўртача декабрь ойи кузнинг охирги ойидан 4-6 даражага совуқроқ бўлади. Декабрь Ўзбекистонга қишнинг илк белгиларини олиб киради: кечалари радиациявий совиш кучаяди, кечалари ҳарорат манфий даражагача пасаяди. Декабрь йилнинг энг туманли ойларидан биридир. Декабрь ойида ўртача 5-8 кун туманли кунлар кузатилади, аммо баъзи йилларда туманли кунлар сони 10-15 кунга етади.
Шу билан бирга декабрь ойида қишга хос бўлмаган илиқ даврлар қайд этилиб, бунда ҳарорат 15-20 даража илиққача кўтарилади, баъзида эса ундан ҳам юқори бўлади. Ушбу асрда 2002, 2006, 2011, 2012, 2020 ва 2022 йилларнинг декабрь ойлари совуқ (меъёрдан 2-4 даражага паст) бўлди.
Сўнгги 50 йил ичида 1984 йил декабрь ойи энг совуқ бўлди. 1984 йил декабрь ойида ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 7-12 даражага паст бўлиши қайд этилди. Бундай аҳамиятли ҳарорат аномалияси жуда камдан кам ҳолларда учрайди. Метеорологик кузатувларнинг барча қатори учун шунга ўхшаш декабрь ойлари 1877 ва 1920-йилларда кузатилган.
Республика ҳудудининг катта қисмида совуқлар чўққисида ҳаво ҳарорати 20-25 даража совуққача, баъзи жойларда 27 даража совуққача, энг чекка жанубда 9-14 даража совуққача пасайиши қайд этилган. Ойнинг катта қисмида совуқ ҳаво ҳатто кундуз кунлари ҳам сақланиб турган.
Сўнгги 50 йил ичида 2021 йил декабрь ойи энг илиқ (меъёрдан 2-4 даражага юқори) бўлди. Энг илиқ кунларда ҳаво ҳарорати 20-25 даража илиққача, жанубда 26-28 даража илиққача кўтарилган эди.
Республиканинг айрим ҳудудларида 2021 йил декабрь ойида ҳавонинг максимал ҳарорати метеорологик кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлди.
Ўртача ойлик ҳаво ҳароратининг меъёрдан оғиши

Графикда охирги 50 йил учун ўртача ойлик ҳарорат аномалияси ўзгаришининг тренд чизиғи кўрсатилган, аммо у нол аномалия қийматига нисбатан деярли фарқланмайди. Бундан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, демак, сўнгги 50 йил ичида декабрь ойида ҳароратининг кўтарилиши тенденцияси кузатилмаган.
Декабрь ойида ноябрь ойига нисбатан ёғингарчилик миқдори кўпаяди ва ёғинли кунлар сони ортади.
Республиканинг шимолида ва чўл ҳудудларида ёғингарчилик камроқ бўлади (бир ойда 8 мм дан 15 мм гача). Ой давомида Фарғона водийси вилоятлари ва энг чекка жанубда 17 мм дан 33 мм гача, республиканинг қолган ҳудудларида эса 35 мм дан 60 мм гача, тоғли ҳудудларда баъзи жойларда 80-120 мм гача ёғингарчилик бўлади.
Ёғингарчилик миқдори йилдан йилга катта фарқ қилади.
Текислик бўйича ёғингарчилик ёмғир, ҳамда қор кўринишида кузатилади, тоғли ҳудудларда эса одатда қор қоплами фаол шаклланади. Шундай декабрь ойлари кузатилганки, марказий вилоятларнинг текислик ҳудудлари бўйича ёғингарчилик қор кўринишида ёғган ва қор қоплами танаффус билан ой давомида сақланиб турган. Сўнгги марта бундай қорли декабрь ойи 2002-йилда қайд этилган. Тошкентда максимал қор қоплами баландлиги 15-30 см га, тоғларда 70-100 см га етган.
Сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистонда декабрь ойлари қуруқ (ёғингарчилик меъёрдан кам) бўлди. Бу йил декабрь ойи қандай бўлади? Ҳақиқий қиш об-ҳавоси бўладими? Ёки декабрь ойининг об-ҳавосида илиқ даврлар кузатиладими?
1-3 декабрда республика бўйича қиш фаслининг боши учун бир оз илиқ ва қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати кечалари 3 даража совуқ-2 даража илиқ, кундуз кунлари 12-15 даража илиқ бўлади.
4-5 декабрда республика ҳудуди бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Кундузи ҳарорат 3-6 даражагача пасаяди. 6-7 декабрда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди ва ҳарорат 12-15 даража илиққача кўтарилади.
Кейинчалик ойнинг охиригача ҳарорат кечалари 0-5 даража илиқдан 2-7 даража совуққача, кундуз кунлари 10-15 даража илиқдан 0-5 даража илиққача ўзгариб туради. Ҳарорат тартиби бўйича декабрь ойи ўртача иқлим меъёридан 1-1,5 даража юқори бўлиши кутилмоқда.
Ойнинг айрим кунларида (2-4 кун) ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат кечалари 2-7 даража совуқдан 0-5 даража илиққача, кундуз кунлари 2-7 даража илиқдан 10-15 даража илиққача ўзгариб туради.








