Daryo

“Музокаралар столига ўтиришга тайёрмиз”. Эрон Исроилдан қўрқяптими?

ҲАМАСнинг Исроилга зарбалари ва бунинг ортидан Ғазода оммавий қирғин бошланганига салкам бир йил бўлди. Араб ва мусулмон давлатларининг яҳудийларни зўравонликдан тийилишга қаратилган ожизона чақириқлари ҳеч қандай иш бермагач, ҳамма нигоҳлар Эронга қаратилди. Чунки сони бўйича ҳам, рейтинги бўйича ҳам Исроил армиясидан юқори турувчи Эрон қуролли кучлари яҳудийларни тўхтатишга қодир ягона нажот манбаи сифатида кўрилаётган эди. Аммо мамлакат президенти Масъуд Пезешкиён БМТ Бош ассамблеясида журналистлар билан мулоқот ўтказар экан, “Европаликлар ва америкаликлар билан музокаралар столига ўтиришга тайёрмиз. Биз ҳеч қачон Украина ҳудудига тажовузни қўллаб-қувватламаганмиз. Ҳар бир давлатнинг чегаралари ҳурмат қилиниши лозим. Можаро музокара йўли билан ҳал этилишига ишонаман” дея фикр билдирди. Бу қандай маънога эга? Эрон Исроилдан қўрқяптими? Мавзуни сиёсатшунослар Абдували Сойибназаров ҳамда Шуҳрат Расул билан муҳокама қиламиз

7 дақиқа ўқиш33 144 кўришлар0 изоҳ0

ҲАМАСнинг Исроилга зарбалари ва бунинг ортидан Ғазода оммавий қирғин бошланганига салкам бир йил бўлди. Араб ва мусулмон давлатларининг яҳудийларни зўравонликдан тийилишга қаратилган ожизона чақириқлари ҳеч қандай иш бермагач, ҳамма нигоҳлар Эронга қаратилди. Чунки сони бўйича ҳам, рейтинги бўйича ҳам Исроил армиясидан юқори турувчи Эрон қуролли кучлари яҳудийларни тўхтатишга қодир ягона нажот манбаи сифатида кўрилаётган эди. Аммо мамлакат президенти Масъуд Пезешкиён БМТ Бош ассамблеясида журналистлар билан мулоқот ўтказар экан, “Европаликлар ва америкаликлар билан музокаралар столига ўтиришга тайёрмиз. Биз ҳеч қачон Украина ҳудудига тажовузни қўллаб-қувватламаганмиз. Ҳар бир давлатнинг чегаралари ҳурмат қилиниши лозим. Можаро музокара йўли билан ҳал этилишига ишонаман” дея фикр билдирди. Бу қандай маънога эга? Эрон Исроилдан қўрқяптими? Мавзуни сиёсатшунослар Абдували Сойибназаров ҳамда Шуҳрат Расул билан муҳокама қиламиз.

Ғазодаги оммавий қирғин оқибатлари ўзингизга яхши маълум. Исроил тинч аҳоли устига бомба ёғдиришни бир зум ҳам тўхтатгани йўқ. Қайтага Эроннинг ўзига бир-икки аламли тарсаки туширди. Шу йилнинг 1 апрель куни Суриядаги элчихонага туташ бинога берилган авиазарба оқибатида Эрон генералларининг ҳалок бўлгани, 31 июль куни Теҳронда янги президент инаугурацияси чоғида ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилгани... 

Дарвоқе, Эрон ҳалигача ушбу қотиллик учун жавоб қайтаришга ваъда бермоқда. 

Сиёсатшунос Абдували Сойибназаров:

— Эрон президенти Масъуд Пезешкиён Нью Йоркда журналистлар билан учрашув чоғида унинг мамлакати ҳеч қачон Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватламаганини таъкидлаб ўтди ва ҳатто Россияни “агрессор давлат, Украинага бостириб кирди” деган баёнотни ҳам берди. Бу эса Америкага йўлланган мужда, яъни “биз АҚШ ёки Ғарб билан Украина масаласида, шунингдек, Эроннинг ядровий дастурлари бўйича ҳам мулоқот қилишга тайёрмиз” дея мурожаат йўллаяпти. Бу билан, “албатта, Исроил билан ҳам музокарага тайёрмиз” демоқда. Энди Эрон Исроил билан қарама-қаршиликка бормоқчи эмас. Чунки Эрон жуда чўчиб кетди, Исроил Яқин Шарқдаги барча фронтларда катта муваффақиятларни қўлга киритганини кўриб турибди. Эрон ҳатто биронта ракета отишга ҳам қурби етмай қолди. Исроил эса Ливанда “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига аниқ зарбалар йўллаётгани, ундан олдин “пейжер” операциясини амалга оширгани форсларни буткул довдиратиб қўйди. Энди у мулоқотлар олиб боришга мажбур бўляпти. Бундан бошқа йўл йўқ. Исроил билан конфронтацион қарама-қаршилик йўли Эронни боши берк кўчага киритиб қўймоқда. Ҳатто Эрон Қўриқчилар корпуси ичида ҳам Исроил манфаатларига хизмат қиладиган жосуслар жуда кўп эканлигини, Эрон хавфсизлик хизматлари унинг олдини ололмаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу сабабдан Эрон бугун “Биз ҳар қандай мулоқотларга тайёрмиз” дея хабар йўллашга мажбур бўлмоқда. Чунки Ғарбнинг шу пайтгача олиб борган иқтисодий санкциялар сиёсати унинг молиявий-иқтисодий аҳволини чок-чокидан сўкиб юборди.

— “Ҳизбуллоҳ” ҲАМАСга кўра сон жиҳатидан ҳам, қурол-яроғ жиҳатидан ҳам устун. Аммо бу устунлик АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган яҳудий армияси учун ортиқча ташвиш туғдирмаса керак. Ҳозирнинг ўзида “Ҳизбуллоҳ” позициялари бетўхтов бомбардимон қилиниши натижасида қурбонлар сони 500 нафардан ошиб кетди. Шулардан 50 га яқини болалар. Ҳар куни “Ҳизбуллоҳ”нинг қўмондонлари ҳалок бўлаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Наҳотки Ливан иккинчи Ғазога айланса? 

Сиёсатшунос Шуҳрат Расул:

— Катта эҳтимол билан Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ” жангариларини Ливаннинг жанубидан тозалайди. 2006 йилги “Ҳизбуллоҳ”—Исроил ўртасидаги урушда шундай амалиёт қўлланилган эди. Исроил армияси Ливаннинг ичкарисига 20-25 километрга кириб борган ва бу зонани буфер зона деб эълон қилган. У ердаги “Ҳизбуллоҳ”нинг барча ҳарбий объектларини ҳамда инфратузилмасини бузиб ташлаган эди. Борди-ю бугунги конфликт 2006 йилги 34 кунлик урушни такрорлайдиган бўлса, ўша сценарий яна такрорланади. Яъни, ЦАХАЛ – Исроил армияси Ливан жанубидаги 30-40 километрлик ҳудудга бостириб кириб, “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий инфратузилмасини яксон қилади, ўзини ҳайдаб юборади. 40-50 километрлик буфер зона эса Исроилнинг шимолдаги қишлоқларни ташлаб кетган фуқароларини яна ўз уйларига қайтишини таъминлайди. Чунки “Ҳизбуллоҳ” ракеталарининг аксар қисми 40-50 километрлик масофагача зарба бера олади. Менимча, Исроил армияси ва ҳукумати ўз олдига катта геосиёсий мақсадларни қўймаган. Чунки бу тарихда бир неча марта такрорланган – “Ҳизбуллоҳ” билан Исроил армияси ўртасидаги ҳарбий конфликтлар доим мана шундай натижалар билан тугаган.   

— Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху “Ливан халқи! Исроил сиз билан эмас, “Ҳизбуллоҳ” билан уруш қилмоқда. Жуда узоқ вақт у сиздан тирик қалқон сифатида фойдаланди. Яшаш жойларингизга ракеталарини жойлаштирди. Бу ракеталар ва снарядлар тўғридан тўғри шаҳарларимизга ва фуқароларимизга қаратилган. Халқимизни “Ҳизбуллоҳ” ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун биз бу қуролларни йўқ қилишимиз керак. Бу огоҳлантиришимизни жиддий қабул қилишингизни сўрайман”, дея баёнот берди. Унинг бу меҳрибонлиги ортида нима ётибди? Наҳотки уни тинч аҳоли ўртасидаги қурбонлар ташвишга солса? Бу эҳтимолдан узоқ. Эҳтимолга яқини шуки, Исроил Ғазода бўлгани каби ҳўл-у қуруқни баробар ёндиради ва оммавий қирғин учун олдиндан ўзига замин ҳозирламоқда. Эрон сиёсатчилари буни тушунади, албатта. Айни пайтда Исроил Ғазода ўзи ўтказган мислсиз геноциддан руҳланиб турибди, унга на БМТ, на Халқаро Жиноий суд бирор чора кўра олди. Демак, ҳозирги вазиятда Нетаньяхуни тўхтатиш осон иш эмас, агар чорасини топиб “Ҳизбуллоҳ” сақлаб қолинмаса, Эроннинг ўз суверенитети ҳам хавф остида қолиши мумкин. Энг яхши йўл музокара бўлиб туюлмоқда, аммо Исроил бунга рози бўладими?   

Сиёсатшунос Абдували Сойибназаров:

— Албатта, Эрон музокара олиб бормоқчи бўлса, Исроил кўнади, лекин бир қатор шартларни қўяди. Форслар мазкур шартларга кўниш-кўнмаслиги эса номаълум. Булар қандай шартлар бўлиши мумкин? Биринчи навбатда, Эрон конституциясидан Исроилни ер юзидан йўқ қилишга қаратилган моддалар олиб ташланиши, иккинчидан, Эрон Яқин Шарқдаги ўзининг прокси-гуруҳлари, масалан, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”ни, Ямандаги ҳусийларни ёки Ироқдаги экстремистик-террористик деб тан олинган ташкилотларни қўллаб-қувватлашни бас қилиши ва ҳатто ўзининг ядровий дастурларидан воз кечишга қаратилган талаблар илгари сурилиши табиий. Эрон бу шартларга тўла рози бўла олмайди. Исроилнинг хатти-ҳаракатлари биринчи навбатда Эрон режимига қарши қаратилган. Бу режим ҳокимият тепасида турар экан, Исроил у билан мулоқотлар олиб бормайди, балки уни ағдаришга ва йўқ қилишга қаратилган хатти-ҳаракатларини давом эттираверади. Бундан бошқа йўл йўқ. Чунки ҳозирги шароитда Эрон ҳам Исроил қўйган талабларга кўна олмайди, бу унинг ҳокимияти ағдарилишига олиб келади. Шундоқ ҳам Ғарбнинг санкциялари Эронни эсанкиратиб қўйган. Масалан, ўтган йили Эронда бошланган исёнларни нафақат инсон ҳуқуқларининг бузилишига, балки Эроннинг ҳозирги молиявий-иқтисодий аҳволига қарши қаратилган намойишлар деб баҳолаш мумкин.

Бинобарин, Эрон жуда оғир аҳволда, шу сабабли Ғарбдан мулоқот сўраяпти ва Исроил билан ҳам музокараларга тайёрлигини билдирмоқда. 

— Эроннинг Россия агрессиясини оқламаслиги, АҚШ билан музокаралар ҳақидаги сўзларини эътиборсиз қолдириш мумкин эмас. Исроил бундан қандай фойдаланади? 

Сиёсатшунос Шуҳрат Расул:

— Ҳозирги урушнинг асосий сабаби — бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” жангчиларининг Исроил шимолидаги қишлоқларни бомбардимон қилгани ҳамда портлаш натижасида стадионда футбол ўйнаётган 12 нафар ёшларнинг ҳалок бўлгани билан боғлиқ. Ҳалок бўлганлар — этник араблар, лекин Исроил фуқаролари. Улар Исроил ҳукуматига ўзларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича қаттиқ талаб қўйди. Исроил кабинети қасд олиш мақсадида “Ҳизбуллоҳ” етакчиларини ўлдирди. Исроил шимолида жойлашган маҳаллий аҳоли мамлакат маркази томонга қочиб кетган. У қишлоқларда ҳозир аҳоли яшамаяпти. Исроил ҳозирги ҳарбий амалиётдан аҳолини ўз қишлоқларига қайтаришни ва Ливан жанубини эгаллаб олган “Ҳизбуллоҳ” жангчиларини чиқариб ташлашни мақсад қилган. 

Сиёсатшунос Абдували Сойибназаров:

— Исроил босқинчилик сиёсатини бундан кейин ҳам давом эттиради. Хусусан, шу пайтгача Сурия ва Ливандаги айрим ҳудудларни босиб олган эди, энди Фаластиндаги Ғазо секторини босиб олишга қарор қилди. Ҳозирги кунда Фаластин ўзининг мустақил давлати таркибига киритмоқчи бўлган ҳудудларни ҳам қўшиб олишга қаратилган сиёсатни давом эттиряпти. Ғазо секторига яҳудий келгиндилари ўрнашиб олиб, манзилгоҳлар қуришга киришди. Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида ҳам манзилгоҳлар қураётган эди, бу сиёсат давом этяпти. Қуддус шарқида ҳам яҳудий манзилгоҳлари қуришга киришилди. Демак, мустақил Фаланстин давлати ва унинг орзулари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бориляпти. Исроил қуруқликда Ливанга ҳужум қилиб қопқонга тушиб қолмаса, “Ҳизбуллоҳ”ни енгиши мумкин. Кейинги навбат Эронга ўтади — унинг ядровий дастурларини йўқ қилиш мақсадида Эронга қарши ҳарбий ҳаво операциялари ўтказишни бошлайди. Қолаверса, Ироқдан ҳам Исроилга ракеталар учирилмоқда. Яманда Қизил денгиздан ҳусийлар ҳам ҳужумлар амалга оширяпти. Гарчи ҳудудий бўлмаса-да, лекин Исроил ҳарбийлари ёки махсус хизматлари “Ҳизбуллоҳ”дан кейин Яман ва Ироқда ҳарбий операцияларни давом эттириши мумкин. 

Дарвоқе, россиялик сиёсатчилар Эроннинг Украина ҳақидаги баёнотига муносабат билдиришди. Россия Давлат думасининг Мудофаа ишлари қўмитаси аъзоси Андрей Колесникнинг сўзларига кўра, Эроннинг позициясини тўғри тушуниш керак. “Бу шунчаки сиёсат. Эрон ҳозир оғир аҳволда. Пезешкиён Россия билан ҳам, БМТ билан ҳам мулоқот олиб боряпти ва шу йўл билан ўз мамлакатини қутқариб қолмоқчи. Буни тўғри тушуниш лозим”, деди депутат.

Ҳа, сиёсат – бу вазиятдан чиқиш санъати. Ҳозир шу санъатни намойиш этишнинг айни вақти. Қуролли тўқнашув-ку, эртами-кечми барҳам топар, аммо Яқин Шарқдаги янги тартиблар қандай кўриниш олади, Исроил ўзига қандай имтиёзлар талаб қилади-ю, арабларга қандай янги чекловлар қўйилади – ана шуниси муҳим. Чунки Сиёсий ўйинлар натижасида адолатсиз қоидалар ўрнатилса, орадан бир оз вақт ўтиб, яна уруш бошланиши эҳтимолга жуда яқин. Сирасини айтганда, яҳудийлар-у арабларнинг ортида турган “катта оғаларнинг” асл мақсади ҳам шу, шекилли.

Toshkentdanman. Alisher Navoiy nomidagi O‘zbek tili va adabiyoti universitetining O‘zbek tili fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2024-yildan beri Layfstayl bo‘limida muxbir lavozimida ishlayman va maqolalar hamda videomateriallar tayyorlayman. Har yili ispan kinoijodkorlari tomonidan suratga olingan “Невидимый гость” (“Ko‘rinmas mehmon”) filmni kamida ikki marta qayta tomosha qilaman. Imom al-Buxoriy haqidagi “Sohilsiz dengiz” kitobi yoqadi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар