Daryo

ҲАМАС ҳам Исроил билан сулҳга тайёрлигини эълон қилди 

Миср, Қатар ва Туркиядаги воситачиларга ўт очишни тўхтатиш ва асирлар алмашиш бўйича сигнал юборилди

1 дақиқа ўқиш10 994 кўришлар0 изоҳ0

Исроил ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирди. Шундан сўнг ҲАМАС ҳам Ғазодаги урушни тўхтатиш бўйича келишувга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда ҳаракатнинг исмини ошкор этмаган вакили AFP’га маълум қилди.

Фото: Getty Images
Биз Миср, Қатар ва Туркиядаги воситачиларга ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича жиддий келишувга тайёрлигини маълум қилдик, деди у. 

Шу билан бирга, ҳаракат вакили Исроилни келишувга тўсқинлик қилишда айблади. АҚШ ва Исроил расмийлари Ливанда ўт очишни тўхтатиш битими ортидан “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий ёрдамини йўқотиш ҲАМАСни сулҳга ундашига ишонмоқда.

Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги сулҳ

Исроил Вазирлар маҳкамаси 26 ноябрь куни Ливанда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни маъқуллади. Оташкесим 27 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 4:00 дан (Тошкент вақти билан соат 7:00 дан) кучга кирган. Унгача томонлар ўзаро ҳужумларни амалга оширган. 

АҚШ президенти Жо Байден ўт очишни тўхтатишга Вашингтон ташаббуси билан эришилганини айтди. “Ҳизбуллоҳ” 60 кун ичида Ливандаги ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши керак. Биньямин Нетаньяхуга кўра, сулҳнинг давомийлиги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатларига боғлиқ бўлади.

“Ҳизбуллоҳ” БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1701-резолюциясига мувофиқ Ливаннинг жанубидаги иштирокини тўхтатиб, Литани дарёсининг шимолидан чекиниши керак. БМТ муваққат кучлари кўмагида Ливан армиясининг жанубий чегара бўйлаб участкаларни босқичма-босқич назорат қилишни назарда тутади. 

Исроилнинг ҲАМАС билан уруши бир йилдан кўпроқ вақт олдин, 2023 йил 7 октябрда Фаластин жангчилари чегара шаҳар ва қишлоқларига ҳужум қилиб, аскарлар ва маҳаллий аҳолини гаровга олганида бошланган. Ўшанда Нетаньяху “душман мисли кўрилмаган ҳақ тўлашига” ваъда берган ва чегарадаги аҳоли пунктларини улардан тозалашни буюрган. Бутун Исроил ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган, Исроил қўшинлари Ғазо секторига бостириб кирган. Яҳудий армиясининг ҳужумлари оқибатида 44 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар