Исроил расмийлари 5 январь куни Ливанга оммавий равишда ҳужум қилишга киришди. Зарба беришдан олдин эса Ливан шарқи ва жанубидаги тўртта қишлоқни эвакуация қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Исроил мудофаа кучлари (SAXAL) ҳужумларда Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС гуруҳларига тегишли объектлар нишонга олинганини маълум қилди. Ҳужум олдидан берилган эълонда тинч аҳолига зарбалар берилиши кутилаётгани, ушбу икки “террорчи гуруҳ” томонидан фойдаланилаётган объектлар яқинидаги биноларни тарк этиш буюрилгани айтилади.
Яҳудий ҳарбий вакилининг сўзларига кўра, аскарлар Ливан шарқидаги Бекаа водийсида жойлашган Ҳаммара ва Айн ат-Тина, шунингдек, жанубдаги Кфар-Хатта ва Аанан қишлоқларидаги “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАСга тегишли ҳарбий инфратузилма нишонга олинган.
Узоқ давом этаётган уруш
Исроилнинг Ливанга ҳужумлари 2023 йил октябрь ойида бошланган бўлиб, 2024 йил сентябрь ойига келиб кенг кўламли урушга айланиб кетган. Ҳарбий ҳаракатлар давомида 4 000 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, қарийб 17 000 киши жароҳатланди.
Томонлар ўртасида 2024 йил 27 ноябрда келишув имзоланганига қарамай, Исроил уни минглаб марта бузганликда айбланмоқда. Яҳудий давлати 2023 йил 8 октябрдан кейин Ливанда эгаллаб олинган бешта тепаликни ҳамон ишғол остида ушлаб турибди ва ўн йиллардан буён ўз назоратида бўлган бир қатор ҳудудларда ҳарбий иштирокини сақлаб қолмоқда.
Қурбонлар сони ортмоқда
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, оташкесим кучга кирган 2024 йил 27 ноябрдан 2025 йил 20 ноябргача бўлган давр мобайнида Исроилнинг келишувни бузиб амалга оширган ҳужумлари оқибатида 331 киши ҳалок бўлган ва 945 киши жароҳатланган.








