Daryo

Ливанда Исроил зарбалари оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди

Яҳудий мудофаа кучлари амалиёт давомида Бекаа водийсида жойлашган ва “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига тегишли бўлган объектлар нишонга олинганини билдирди.

1 дақиқа ўқиш2 945 кўришлар0 изоҳ3

Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг 20 февраль куни Ливан шарқига берган авиазарбалари оқибатида камида 10 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ливан расмийларига таяниб, BBC хабар берди.

Исроил мудофаа кучлари (SAXAL) мазкур амалиёт давомида Бекаа водийсида жойлашган ва “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига тегишли бўлган объектлар нишонга олинганини билдирди. Мазкур ҳудуд гуруҳнинг асосий таянч нуқталаридан бири саналади.

Қурбон ва талафотлар

“Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўзининг камида олти нафар аъзоси, жумладан, юқори мартабали дала қўмондони ҳалок бўлганини тасдиқлади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан зарбалар аҳоли пунктларига яқин ҳудудларга берилгани ва жиддий вайронагарчиликлар юзага келгани маълум бўлди.

Исроил томони берган баёнотда “Ҳизбуллоҳ” ўз ҳарбий инфратузилмасини тинч аҳоли пунктларига жойлаштиргани ва бу ҳаракати билан ўзаро келишувларни бузаётганини таъкидлади.

Сулҳ хавф остидами?

Мазкур ҳужум 2024 йил ноябрь ойида Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувдан кейинги энг қонли зарбалардан бири бўлди. Гарчи 13 ойлик урушни якунлаган сулҳ битими имзоланган бўлса-да, Исроил Ливан ҳудудига деярли ҳар куни зарба беришда давом этмоқда.

“Ҳизбуллоҳ”нинг даъво қилишича, сулҳ битими фақат Литани дарёси ва Исроил билан норасмий чегара ҳисобланган “Кўк чизиқ” оралиғидаги (Жанубий Ливан) ҳудудга тааллуқлидир.

Қуролсизланиш

Ливан ҳукумати гуруҳни қуролсизлантириш режасининг иккинчи босқичини бошламоқчи, бироқ “Ҳизбуллоҳ” Бекаа водийси ва бошқа ҳудудлардаги қуроллари тақдирини муҳокама қилишдан бош тортмоқда.

Минтақавий кескинлик

Шарқий ҳудудлардаги ҳужумлардан бир неча соат олдин, Сидон шаҳри яқинидаги Фаластин қочқинлар лагерига ҳам зарба берилган эди. Исроил у ерда ҲАМАС қўмондонлик маркази йўқ қилинганини айтди.

Минтақадаги вазият АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолиши фонида янада кескинлашмоқда. Экспертларнинг хавотирича, агар Исроил ва Эрон ўртасида тўғридан тўғри тўқнашув юз берса, Теҳрон “Ҳизбуллоҳ”ни яна урушга киришга мажбур қилиши мумкин.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар