Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида мактаб ўқувчиларининг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини тарқатмаслик учун пул талаб қилган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Нукус шаҳрида яшовчи К.Р. ва П.Л. исми икки аёл ИИОга мурожаат қилиб, “аиаулим.04.04” номли профил эгаси вояга етмаган мактаб ўқувчиларининг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб, улардан пул талаб қилаётганини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Нукус шаҳрида яшовчи 27 ёшли Ж.А. содир этгани аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган Ж.А., вояга етмаган жабрланувчилар С.А. ва Й.Й. исмли қизларга ўзини қиз бола сифатида таништириб, уларнинг ишончига кириш орқали бир нечта сир сақланиши лозим бўлган шахсий фотосурат ва видеоларини қўлга киритган. Шундан кейин уларни тарқатиш билан қўрқитиб, эвазига 300 доллар миқдорида пул талаб қилиб, мазкур пулларни олаётган вақтида Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ашёвий далил билан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.А.нинг содир этилиб, фош қилинмаган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
- 2023 йил июль охирларида Бухоро шаҳрида эркак билан ишқий муносабатда бўлиб, уни турмуш ўртоғига ошкор қилмаслик эвазига телефон талаб қилган қиз қўлга олинганди.
- Май ойида Тошкентда аёлнинг фото-видеоларини эри ва қайнотасига кўрсатишини айтиб, ундан пул талаб қилган эркак ушлангани,
- Тошкент вилоятида 19 ёшли қизнинг суратларини тарқатиш билан таҳдид қилган йигит қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)