Ўзбекистонда 68 нафар боланинг ўлими ва 16 нафар боланинг ногирон бўлиб қолишига сабабчи бўлган “Док-1 Макс” сиропини ишлаб чиқарган ҳиндистонликлар енгил жазо билан қутилиб қолиши мумкин. Бу ҳақда “Дарё” манбаси хабар берди.
Манбага кўра, Ҳиндистон қонунчилиги бўйича сироп ишлаб чиқарувчиларига қўйилаётган айбловлар тасдиқланса, айбдорларга олти ойлик қамоқ жазоси ёки 1000 рупий, ўзбек сўмида 150 минг сўм жарима жазоси тайинланиши мумкин.
Боиси, Ҳиндистон давлати сироп ишлаб чиқарувчиларни ноқонуний ва сифатсиз дори ишлаб чиқаришда айблаган, холос. Ўзбекистонда сироп мавзуси кўтарилган пайтда яъни 2022 йилнинг ноябрь, декабрь ойларида Ҳиндистон полицияси Marion Biotech Pvt. Ltd. корхонасининг сифатсиз дорилари сабаб Ўзбекистонда болалар заҳарланаётгани ҳақида маълумот олган. Ундан кейинги жараёнлар, жумладан марҳумлар 68 нафар экани, 16 нафар бола ногирон бўлиб қолгани ҳақидаги маълумотлар эса катта эҳтимол билан уларга етказилмаган. Шу сабаб Ҳиндистон қонунчилиги бўйича Сачин бошчилигидаги ишлаб чиқарувчи корхона масъулларига енгил айбловлар қўйилган, — дейди манба.
Аниқлаштирилишича, айни кунда корхона ва унинг 5 нафар масъули — компания директори Сачин Жайн, унинг хотини Жая Жайн, бошқарувчиси Тухин Бхаттачаря, кимёгар Атул Рават ва Мул Сингхларга қарши жиноят иши очилган.
“Док-1 Макс” билан боғлиқ жиноят иши Ўзбекистон суди томонидан салкам етти ой давомида кўриб чиқилди. Суднинг 2024 йилнинг 26 февралдаги ҳукмига кўра, 23 нафар судланувчининг 7 нафари озодликдан маҳрум қилинди. 14 нафарининг озодлиги чекланди. Шунингдек, бир нафари ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши белгиланган бўлса, яна бир нафари 17 миллион сўмлик жаримага тортилган. Жазоланганларнинг 7 нафари ҳукмдан норози бўлиб, судга апелляция шикоятини киритган.
Изоҳ (0)