Санкт-Петербургда юз берган ёнғин пайтида одамларни қутқарган ўзбекистонлик фаррош Олимжон Иброҳимовга сурат совға қилишди. “Фонтанка” нашри у билан суҳбатлашиб, Олимжоннинг оиласи, иш ва яшаш тарзи ҳақида маълумот олди.
Иброҳимов 7 йил аввал оиласи билан Санкт-Петербургга келган. Бу вақт ичида у одамларни икки марта ёнғиндан қутқариб қолган, аммо иккинчи марта у федерал шон-шарафга эришган. Жумладан, 25 апрель куни у ёнаётган хонадонга сув оқишига мўлжалланган труба орқали кўтарилиб, аёлларга ёрдам кўрсатган. Бу ҳаракатлари туфайли унга фахрий ёрлиқ, иш кийими ва сурат совға қилишган.
Олимжонга сурат Адмиралтейск тумани маъмурияти раҳбари Сергей Оверчук томонидан берилган. У буни Россия президенти Владимир Путин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев сурати илинган хонага осиб қўйишга ваъда берган.
“Ўзбекистонликман, Фарғонада ҳаво-десант қўшинларида хизмат қилганман. Ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатларда қатнашмадим, лекин биз ҳар куни, том маънода бир неча соат машқ қилардик. Мисол учун, бир қўл билан ушлаб, еттинчи, ҳатто тўққизинчи қаватга кўтарилиш ва кейин пастга тушиш керак эди. 15 йил хизмат қилдим, мен учун бу осон эди ва менга ёқарди. Шу вақт ичида бокс бўйича спорт устаси бўлдим”, — дейди 48 ёшли Олимжон Иброҳимов.
У 7 йилдан бери Россияда яшаб, фаррош бўлиб ишлаётганини маълум қилди.
“Хизматдан нафақага чиқиб, қизимни турмушга берганимда хотиним билан ўтириб, қандай иш қидиришни ўйлай бошладик. Шу тариқа Россияга кетдик”, — деди у.
ОИимжоннинг таъкидлашича, бир йилча олдин у Верейская кўчасида юз берган ёнғин пайтида ҳам одамни қутқарган.
“Ёнғин содир бўлди, қурбон бор эди. Мен аёлга ёрдам бердим, у аланга ичидан тирик чиқди. Ўшанда менга сертификат беришди. Ёрдам бериш бурчимиз. Худо ҳаммани кўриб турибди. Биз одамлармиз ва бир-биримизга ёрдам беришимиз керак.
Хотиним ҳам фаррош бўлиб ишлайди. У менинг жисмоний тайёргарлигим нормал эканини билади. Қизим ҳам фаррош. Биз битта бригадада ишлаймиз. Ёнғин бизга қарашли ҳудудда содир бўлганди. Маош кам, лекин биз бир-биримизга ёрдам берамиз, меҳнаткашмиз. Ойига 45 минг рубль (6 миллион сўмдан зиёд) оламан, 10 минги патент ва рўйхатга олиш учун сарфланади, яна 10 мингини уй учун тўлайман. 25 минг яшаш учун қолади. Бу нормал яшаш мумкин”, — таъкидлади Олимжон.
У унга совға қилишган расмни хонасига осиб қўйишини қўшимча қилди.
“Беш киши яшаймиз. Қизим неварам билан алоҳида яшашади. Хонамизга расмни эсдалик сифатида осиб қўямиз. Бизда аллақачон Владимир Путин ва Дмитрий Медведевнинг портрети осилган”, — дея таъкидлади у.
Изоҳ (1)
qimmatbaho sovg'a berishibdi))