Россияда фаолият юритаётган Европанинг йирик банклари 2023 йилда Россия бюджетига 800 миллион евродан ортиқ солиқ тўлаган. Бу Россия Украинага бостириб киришидан олдинги кўрсаткичдан тўрт баробар кўпдир, дея хабар бермоқда Financial Times.
Европанинг Raiffeisen Bank International, Unicredit, ING, Commerzbank, Deutsche Bank, Intesa Sanpaolo ва ОТP банкларининг 2023 йилдаги умумий фойдаси 3 миллиард евродан ошди.
Бу 2021 йилга нисбатан уч баробар кўп. Даромаднинг кескин ошиши туфайли банклар 2021 йилдаги 200 миллион еврога нисбатан 800 миллион еврога яқин солиқ тўлаган.
“Россиядаги Ғарб банкларининг юқори даромадлари Россияда ишлашда давом этаётган хорижий компаниялар мамлакатга санкциялар шароитида молиявий барқарорликни сақлашга қандай ёрдам беришини кўрсатади”, — дейилади хабарда.
Солиқ тўловларининг ярмидан кўпи Raiffeisen Bank International ҳиссасига тўғри келади. Financial Times Австрия банк гуруҳининг режаларини таҳлил қилди ва унинг Россиядаги шўба корхонасининг мижозлар базасини кенгайтириш бўйича “амбицияли режалари” бор деган хулосага келди.
Raiffeisen Bank International’нинг ўзи аввалроқ Россиядаги бизнесини қисқартириш режаларини эълон қилганди. Deutsche Bank, ОТP ва Commerzbank Россиядаги иштирокини қисқартирган. Intеса ўз бизнесини сотиш жараёнида.
Америка банклари Financial Times ҳисоб-китобларига киритилмаган, чунки улар ўз ҳисоботларида Россиядаги натижаларини ошкор этмаган. Киев иқтисодиёт мактабига кўра, Citigroup Россияга 53 миллион доллар тўлаган ва Ғарб банклари орасида тўртинчи йирик солиқ тўловчига айланган. ЖПМорган учун бу кўрсаткич 6,8 миллион долларни ташкил этади.
Бундан ташқари, Financial Times хорижий банклар нафақат фоиз ставкасини оширишдан, балки Ғарбнинг Россия банкларига нисбатан санкцияларидан ҳам фойда кўрганини ёзмоқда. Россия кредит муассасалари халқаро тўлов тизимларига кириш имкониятини йўқотган, бу эса Ғарб банкларининг фаолиятига ҳисса қўшган.
Изоҳ (0)