Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов АҚШнинг Юта штати Сенати президенти Стюарт Адамс бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
ТИВ маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон ҳудудлари ва Юта штати ўртасидаги ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, жумладан, томонларни қизиқтирган соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.
Катта тузли кўл (Great Salt Lake) қуриши ва унинг салбий оқибатларига қарши кураш бўйича Юта штати тажрибасини Оролбўйи минтақасида амалий қўллаш масаласида ҳамкорликни йўлга қўйишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилган.
Юта штати АҚШнинг ғарбий қисмида жойлашган. Штатнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2023 йилда 272,5 миллиард долларни, шу жумладан, аҳоли жон бошига 62,8 минг долларни ташкил этган. Қишлоқ хўжалиги, туризм, тоғ-кон саноати, энергетика, ахборот технологиялари ва молия штат иқтисодиётининг энг муҳим тармоқлари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси аъзолари Ўзбекистон томонидан таклиф этилган, қатор давлатлар ҳаммуаллифлигида “Марказий Осиё экологик муаммолар қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” резолюциясини консенсус асосида маъқуллаганди.
Изоҳ (0)