Сурхондарёнинг Шўрчи туманидаги пропан заправкада 13 август куни портлаш юз берди. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

ФВВ матбуот хизматининг маълум қилишича, соат 12:58 да “Оққўрғон” МФЙ Жарқишлоқ ҳудудида жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси ҳудудида ёқилғи ташувчи автоцистернадан ёқилғи сақлаш резервуарга ёқилғи тўкиш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида чақнаш рўй бериб, ёнғин келиб чиққани тўғрисида ФВБга хабар қилинган.
Шунга кўра 8 та ёнғин-қутқарув экипажлари соат 13:07 да ҳодиса жойига етиб бориб, соат 13:08 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 13:16 да ўчирилган. Ҳозирда ҳодиса сабаби ва зарари аниқланмоқда.
10 август куни Самарқанд вилояти, Жомбой туманида заправка ёниб кетганди. Ёнғин оқибатида Kia Bongo, Damas ва Gentra русумли автомобиллар зарарланган. 8 августда эса Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ҳам автомобилларга мобил ёнилғи қуйиш шохобчасида ёнғин чиққанди. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган. 5 августда Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида заправка портлаганди. 16 июль куни ҳам ушбу тумандаги газ тўлдириш станцияси ҳудудида ёнилғи сақлаш резервуарида чақнаш ва ундан сўнг ёнғин содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 5 киши вафот этган.
Изоҳ (0)