Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, журналист Шерзодхон Қудратхўжани камситган блогер жаримага тортилди. Бу ҳақда “Дарё”га Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати маълум қилди.
Блогер ва ҳуқуқшунос Азиз Ҳакимовнинг ректорни камситгани билан боғлиқ воқеа 12 август куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида кўриб чиқилди. Судья Содиқов раислигидаги судда сўз олган судланувчи Шерзодхон Қудратхўжани омма олдида ҳақорат қилгани ва уни натсизмда айблаганини маълум қилган.
Суд блогерни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси 1-қисми (Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш) билан айбли деб топган. Судланувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари 18 миллион 750 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.
Қайд этилишича, Шерзодхон Қудратхўжа мазкур ишни жиноий тоифага ўзгартиришни талаб қилиш ниятида эканини қўшимча қилган.
Шунингдек, у судланувчидан 500 миллион сўм товон ундириш нияти борлигини, омма олдида кечирим сўраши ва ўзи тилга олинган барча видеоларни олиб ташлашини талаб қилган. Суд Қудратхўжанинг бу талаблари Фуқаролик ишлари бўйича судда кўриб чиқилиши кераклигини билдириб, судга мурожаат қилиш кераклигини тушунтирган.
Изоҳ (0)