Россия Федерал хавфсизлик хизмати (“ФСБ”) уруш бошланганидан буён қўлга олиш жараёнида салкам 70 кишини ўлдирган. Бу ҳақда Россия хавфсизлик идораларидаги маълумотларга таяниб, “Важниэ новости” хабар берди.

Маълумотларга кўра, Россияда камида 65 киши, Запорожье вилоятининг босиб олинган қисмида эса 4 киши ҳалок бўлган. Самара яқинида яна бир киши қўлга олинаётган пайтда ўз бомбасидан ҳалок бўлган, дейди “ФСБ”. Ҳисоб-китобларда бошқа куч тузилмалари томонидан қўлга олинган одамларнинг ўлдирилиши инобатга олинмаган.
Бу рақамларга фронтолди ҳудудларда Украинанинг диверсион-разведка гуруҳлари билан бўлган тўқнашувлар ҳам киритилмаган. “ФСБ”нинг расмий пресс-релизига кўра, уруш даврида қўлга олиш пайтида ҳалок бўлганлар сони ошмаган. “Важние истории” эса 2018 йилдан 2021 йилгача Россияда аксилтеррор операциялари доирасида ва ҳибсга олишга уриниш чоғида камида 74 киши ўлдирилганини ёзмоқда.
Қурбонлар орасида Қозоғистон фуқаролари ҳам бор
Уруш бошланганидан бери ҳибс вақтида ўлдирилганларнинг камида 44 нафари Россия фуқароси бўлган. Тўққиз киши фуқаролиги кўрсатилмаган ҳолда Марказий Осиё мамлакатларида туғилгани айтилган. Қурбонларнинг камида икки нафари Қозоғистон, яна бир нафардан Украина ва Беларусь фуқаролари бўлган.
28 та ҳолатда “ФСБ” ўлдирилганларни Украина махсус хизматлари ёки Украина Қуролли кучлари таркибидаги кўнгилли бўлинмалар топшириғи бўйича ҳужумларни тайёрлашда гумон қилган, дейилади хабарда.
27 киши ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадорликда, яна 14 киши бошқа террорчилик ташкилотларида иштирок этганликда гумон қилинган.
Изоҳ (0)