Фанлар академиясининг Тарих институти директори, тарихчи Азамат Зиё “Давра” подкастида “Отамдан қолган далалар” фильми нега эфирга узатилмай қолганига ойдинлик киритди.

Унинг айтишича, ўзбек халқи мустақилликка эришгач ҳам мустамлака совет давридаги каби бошқарувда яшаган ва бу ҳолат узоқ йиллар давом этган.
“Биз мустамлака совет даврида қандай бўлган бўлса, шундай яшаб келдик. Ҳалиям Шавкат Мирзиёев ўзбек халқини пахта қулчилигидан қутқарганини аҳамиятини тушуниб етганимиз йўқ. Юз йил давомида пахтага мажбурий меҳнат инсонларни саводсиз қилди, 9 ойлик ўқишининг 5 ойини пахтада ўтказадиган бутун бир саводсиз авлод пайдо бўлди. Халқ қандай чидаган экан, дейманда”, дея қайд этди тарихчи.
Азамат Зиё, шунингдек, 1998 йилда фильмнинг намойиши ва унга қўйилган тақиқ билан боғлиқ ҳолатларни ҳам эслади.
“1998 йилда давлат маслаҳатчиси менга бугун Ўзбекфильмга борамиз, Шуҳрат Аббосов Тўғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар”ини саҳналаштирибди. Шуни кўрамиз иккаламиз деб айтди. Мен нима қиламан десам, Юр, сен тарихчисан, иккаламиз кўрамиз деди. Кейин билсам буни раҳбар айтган, менинг фикримни билмоқчи бўлган экан. Жуда оғир ўтди кўриш. Буни бериш керак, дедим. Берилди. Жуда катта таассурот уйғотди, кейин тўхтатилди”, деди у.
Унинг таъкидлашича, фильм миллий масала баҳонасида эфирдан олиб ташланган. Бироқ бунинг асл сабаби бошқа бўлган.
“Мен кейинроқ фильмни яна бир кўриб, сабабини тушундим. Мустамлака давридаги аҳвол мустақил бўлганимиздан кейин ҳам давом этгани учун бу кино кўрсатилмади. Миллий масала баҳона бўлди. Чунки ўша колхоз, ўша пахта колонияси, ўша мажбурий меҳнат мустақил бўлганимиздан кейин ҳам 25 йил қолди. Мана сизга “Отамдан қолган далалар” кино асарининг бизнинг телеканалларда кўрсатилмаслигининг бош сабаби”, — дея таъкидлаган собиқ Президент матбуот котиби.
“Отамдан қолган далалар” фильми ҳақида маълумот
“Отамдан қолган далалар” — ёзувчи Тоғай Муроднинг шу номдаги романи асосида суратга олинган кино асар бўлиб, уни машҳур режиссёр Шуҳрат Аббосов 1997 йилда яратган. Фильмнинг сюжети XVIII–ХIX асрлар ўрталаридаги тарихий воқеаларга, хусусан, Қўқон хонлиги ва чор Россияси даврида кечган оғир ижтимоий-сиёсий жараёнларга бағишланган. Унда оддий деҳқон Жамолиддиннинг оиласи билан бирга яшаш тарзи, курашлари ва кейинги авлоднинг муштарак синовлари кенг ёритилади.
Фильм илк намойишида катта эътибор қозонган. Томошабинлар уни илиқ кутиб олиб, тўрт соатлик асарни охиригача қизиқиш билан томоша қилган. Бухорода ўтказилган миллий кино фестивалида фильм бош совринни қўлга киритган. Шу билан бирга, кўплаб кино танқидчилари ҳам уни ўзбек киносидаги йирик тарихий ва драматик асар сифатида эътироф этган.
Бироқ орадан кўп ўтмай фильмнинг намойиши тўхтатилди. Расмий манбаларда таъкидланишича, фильм дастлаб эфирга чиқарилган бўлса-да, кейин “қора рўйхат”га туширилган. Бу ҳақда турли таҳлиллар мавжуд. Тарихчилар фикрига кўра, фильмнинг асосий ғояси мустамлакачилик даврида кечган оғир ижтимоий ҳаётни чуқур тасвирлаб бергани туфайли у ўша давр шароитида “ноқулай” деб топилган.
Бугунги кунда ҳам “Отамдан қолган далалар” ўзбек киноси тарихидаги энг муҳим драматик асарлардан бири сифатида баҳоланади ва у мустамлакачилик даври ҳамда ўша даврдаги одамлар ҳаётини ҳаққоний акс эттирган ноёб кино асар сифатида тилга олинади.
Изоҳ (0)