Бугун, 20 август куни Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни бажаришга оид фармони эълон қилинди. Ҳужжатда келгуси йилларда амалга оширилиши зарур бўлган қатор масалалар белгиланган.
Молиявий қўллаб-қувватлов
Фармонга кўра, 2026–2027 йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, зарур молиявий ва инфратузилмавий шароитларни яратиш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилади. Хусусий секторга ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар қўллаш ва ундиришга 2027 йил 1 январга қадар мораторий эълон қилинди.
Бунда мораторий даврида муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳолатлари бартараф этилганда қўлланилган жарималар бекор қилинади.

2026 йилдан туризмни ривожлантириш дастури жорий этилиб, 2026–2028 йилларда камида 5 минг гектар ер участкалари электрон онлайн аукционга чиқарилади.
2026–2028 йилларда тижорат банклари томонидан барча тоифадаги корхоналарга меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача 10 миллиард сўмдан 30 миллиард сўмгача кредит берилади. 2026 йил 1 январдан янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш тизими меҳмонхонани қўшимча бино ва иншоотлар қуриш орқали кенгайтириш ёки мавжуд бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини меҳмонхона фаолиятига ўзгартиришга ҳам татбиқ этилади.
2026 йилдан давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори ҳудудда шаклланган ижара тўловининг минимал бозор нархидан келиб чиқиб белгиланади. Давлат кўчмас мулкини ижарага бериш муддати 3 йилдан 5 йилгача оширилади.
Солиқ имтиёзлари
2026 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта ҚҚС тўлашга ўтган корхона бир йил давомида фойда солиғидан озод этилади.
Тадбиркор бир йил ичида ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун жаримага тортилмайди.
Шу билан бирга, олти ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 бараваридан ошмаган қисмини тўлаётган солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташланади.
Келаси йил 1 январдан солиқ мажбуриятларини бажаришда проактив тартиби жорий этилади. Жумладан, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботларини шакллантириш вазифаси солиқ органларига ўтказилади. Ушбу мажбурият солиқ тўловчилар учун бекор қилинади.
Солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчи томонидан беш иш куни ичида зарур тузатишларни киритиш ва тузатиш киритилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқи берилади.
Фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 10 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмга оширилади.
2026 йил 1 январдан сайёр солиқ текширувини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади. Мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
Солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жарима миқдорини кичик корхоналар мансабдорларига нисбатан БҲМнинг 10 бараваридан 3 бараварига туширилади. Фуқаролар учун БҲМнинг 3 бараваридан 1 бараварига пасайтирилади.
Изоҳ (0)