Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганди. Тегишли қарор билан у кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Концепция 7 та боб, 41 та банддан иборат. Унда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади ва унга хизмат қилувчи 10 та вазифа белгиланган. Таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилиш муддати — 2025 йил 31 январдан 10 февралгача.
Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, фуқароларнинг эркинлиги ва қонун олдида тенглигини таъминлаш ҳамда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
- кўп миллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистон халқининг бирлиги ва бирдамлигини, урф-одатларига нисбатан ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, уларнинг ривожланиши учун тенг шарт-шароитлар яратиш;
- фуқароларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш;
- фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш;
- давлат ўзининг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишда конституциявий нормаларга мувофиқ дунёвийликка таяниш;
- Конституциявий нормаларга мувофиқ давлат бошқаруви, давлат хизмати, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолияти ҳамда ижтимоий муносабатлар дунёвийлик асосида тартибга солинишини таъминлаш;
- жамиятда диний бағрикенглик ва қонунийликни қарор топтириш борасида фуқароларнинг фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш;
- давлат хизматчиларининг ўз касбий фаолиятида ва функсионал вазифаларни бажаришда бирор-бир динга ёки эътиқодга устунлик беришига ёхуд бирор-бир динни ёки эътиқодни камситишига йўл қўймаслик;
- жаҳон илм-фани, маданияти, санъати ва адабиётининг илғор ютуқларидан баҳраманд бўлган ҳолда мамлакат илм-фани ва маданиятини ривожлантириш;
- фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, аҳолининг соғлиғига, ижтимоий ахлоққа, жамоат хавфсизлигига ва жамоат тартибига таҳдид солувчи радикаллашувга қарши курашиш, экстремизм ва терроризм ғоялари тарқатилишига йўл қўймаслик.
Ўзбекистон Конституциясида Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги белгиланган. Концепцияда қайд этилишича, дунёвий давлатда диний қадриятлар ҳам муҳим ўрин тутади. Диний қадриятлар Ўзбекистон халқининг маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари, одоб-ахлоқининг шаклланиши ҳамда уларнинг авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтишига хизмат қилиб келмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 та олий ислом таълим муассасаси, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, жумладан, 2 та аёллар мадрасаси, шунингдек, православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда. 2018 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Илмий-амалий ёндашув асосида ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирлар меросини ўрганиш, диний таассублар билан боғлиқ хавфларнинг мафкуравий асосларини тадқиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотрудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсата бошлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг билдиришича, айни пайтда ташаббус қилинган ҳужжат билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш таклиф этилмоқда.
Концепцияда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қарори билан парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Концепциянинг қабул қилиниши ва соҳада ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди, дунёвийликни турлича талқин қилинишини ҳамда бузилишининг олдини олишга, мамлакат аҳолисининг, айниқса ёшларнинг салоҳиятини юксалтиришга, кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг тотувлигини таъминлашга хизмат қилади.
Изоҳ (1)
Men shaxsan bu konsepsiyani rad etaman.