Telegram тармоғи асосчиси Павел Дуров Ўзбекистонга ташрифи ҳақидаги таассуротларини мухлислари билан бўлишди. Дуровнинг фикрлари ва сафар давомида олган суратлари Du Rove’s Channel Telegram каналига жойланган.
Павел Дуров Ўзбекистон аҳолисининг қарийб учдан икки қисми Telegram’дан фойдаланишини маълум қилган. Айни пайтда бу тармоқ бутун бошли иқтисодиёт тизимларининг бир қисмига айланиб улгурганини айтиб, мамнуният билдирган.
“Ўзбекистон Telegramъни ниҳоятда яхши кўради: мамлакатнинг 37 миллион аҳолисининг 70 фоиздан ортиғи Telegramъга аъзо, уларнинг бутун иқтисодиёти бизнинг платформамизда бошқарилади (мамлакатдаги ҳар бир бизнес тармоғида Telegram боти ёки канали мавжуд). Биз бу машҳурликдан фахрланамиз ва Ўзбекистонга севгимизни изҳор қиламиз”, — деган Telegram асосчиси.
Ўз хабарида Дуров Ўзбекистондаги саёҳат йўналиши ҳақида ҳам қисқача маълумот келтиради. Мамлакат шарқидаги тоғли ҳудудлар ҳамда тарихий шаҳарларга ташрифлар ниҳоятда ҳайратланарли бўлгани айтилади.
“Ўзбекистонга сафарим чоғида тез ривожланаётган Тошкентнинг замонавий инфратузилмаси, Шарқий Ўзбекистоннинг тоғли ландшафтлари, Бухоро ва Самарқанднинг бой тарихи мени ҳайратда қолдирди,” — дея ўз ҳайратини изҳор қилган Дуров.
Ижтимоий тармоқ магнати ўз хотираларида Ўзбекистоннинг самимий инсонлари билан кўришганини, илиқ кутиб олинганини келтирган. Ўзбекистон пойтахтига йил якунига қадар яна бир бор келиши мумкинлигига ишора қилган.
“Мен жуда кўп ёш ва иқтидорли, қалби қайноқ инсонларни учратдим. Мен самимий қабул қилганларидан мамнунман ва йил охирида қуёшли Тошкентга келиб кўпроқ вақт ўтказишга умид қиламан”, — деб фикрларини якунлаган Дуров.
Июнь бошларида Telegram асосчиси Павел Дуров ёзни Марказий Осиёда ўтказишини эълон қилганди.
Кейинроқ Telegram асосчиси Павел Дуров Қирғизистонга ташрифи акс этган суратлар ва сафар таассуротларини ўз мухлислари билан бўлишганди.
Сўнгги 4 ойда ушбу ижтимоий тармоқнинг Қирғизистонда машҳурлиги 30 фоизга ошган.
Ўз изоҳларида Павел Дуров мамлакатга яна қайтиши мумкинлигига ишора қилган. Марказий Осиё бўйлаб сафари давом этишини билдирган.
Изоҳ (0)