Президент томонидан “Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Қарор билан, ички ишлар органлари фаолиятида замонавий рақамли ечимларни кенг жорий этиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳада ягона технологик ёндашувни шакллантириш белгиланди.
Ички ишлар органларининг ахборот инфратузилмасини ягона тизимга бирлаштириш, криминоген вазиятлар таҳлилини автоматлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ички ишлар органлари таркибида Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, уларнинг зиммасига рақамли ечимларни жорий этиш ва мувофиқлаштириш, электрон давлат хизматларини такомиллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби вазифалар юклатилди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида синов тариқасида туманлараро рақамли технологиялар бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилади.
Трансформация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузурида “Рақамли лойиҳалар офиси”ни ташкил этилади ва унга Рақамли технологиялар вазирлигининг малакали мутахассислари жалб этилади.
Шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида иқтидорли ёшлар, IT-парк резидентлари билан ҳамкорликда инновацион дастурий маҳсулотлар ва стартап лойиҳалари ишлаб чиқиш йўлга қўйилади.
Қарорда аҳолига электрон давлат хизматларини проактив ва композит шаклда тақдим этиш орқали қўшимча қулайликлар яратиш бўйича бир қатор топшириқлар белгиланди.
Изоҳ (0)