Эронда 28 июнь куни муддатидан олдин президентлик сайловлари бошланди. Президентлик курсиси учун тўрт нафар номзод даъвогарлик қилмоқда. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.
Эрон Конституциясини қўриқлаш кенгаши дастлаб 6 нафар номзоднинг аризасини маъқуллаганди. Бироқ 26 июнь куни вице-президент Амир-Ҳусайн Газизода-Ҳошимий консерваторлар фойдасига номзодини қайтариб олди. 27 июнь куни эса Теҳрон мери Алиризо Заканий ҳам худди шундай қарор қабул қилди. Президентликка номзодларнинг уч нафари консерваторлар (марҳум президент Иброҳим Раисий ҳам шу лагерга кирган) лагерига, тўртинчиси эса реформаторларга тегишли. Ҳозирда эронликлар қуйидаги номзодларга овоз бериши мумкин:
Муҳаммад Бағэр Ғолибаф, 62 ёш
2020 йилдан Эрон Мажлиси (парламенти) спикери, Теҳроннинг собиқ мери (2005–2017), Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳаво кучлари собиқ қўмондони (1997–2000 йиллар) ҳисобланади. У президентликка уч марта — 2005, 2013 ва 2017 йилларда номзод қилиб кўрсатилган. Охирги марта Раисий фойдасига номзодини қайтариб олганди.
Саид Жалилий, 58 ёш
Оятуллоҳ Хоманаийнинг 2007 йилдан бери Олий миллий хавфсизлик кенгашидаги вакили, шунингдек, парламент ва Конституцияни қўриқлаш кенгаши ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилувчи Сиёсий мақсадларга мувофиқликни аниқлаш кенгашида ҳам ишлайди. Маҳмуд Аҳмадинежод президент бўлган (2005–2013) даврда у Олий хавфсизлик кенгаши котиби ва ядровий масалалар бўйича бош музокарачи эди. Жалилий икки марта — 2013 ва 2021 йилларда президентликка номзодини қўйган. Охирги марта Раисий фойдасига номзодини қайтариб олган.
Мустафа Пурмуҳаммадий, 63 ёш
Собиқ адлия вазири (2013–2017) ва ички ишлар вазири (2005–2008), бу пойгадаги ягона диний уламо. 2013 йилги президентлик сайловларида номзоди илгари сурилган, бироқ номзодини қайтариб олган.
Масуд Пезешкиян, 69 ёш
2008 йилдан Мажлис аъзоси (вице-спикер ҳам бўлган), сайловларда реформаторлардан ягона вакил. Собиқ соғлиқни сақлаш вазири (2001–2005), кардиожарроҳ. У сиёсий фаолиятидан олдин беш йил давомида Табриз тиббиёт фанлари университетини бошқарган.
У 2021 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш учун ариза берган, бироқ қатнашишга рухсат этилмаган. Бошқа номзодларнинг позициялари Раисий сиёсатига мос келса-да, Пезешкиан вақти-вақти билан расмийларни танқид қилади ва АҚШ билан муносабатларни яхшилаш ва аёллар эркинлиги, жумладан, ҳижоб ўраш масаласида ҳимоя қилади.
Изоҳ (0)