Хоразм вилояти Урганч шаҳрида “лайк” йиғиш мақсадида машина ойнасини синдириб, бир-бирини ҳақорат қилган шахсларга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда икки нафар йигит бир-бири билан жанжаллашгани тасвирланган видео тарқалди. Лавҳада улардан бири онасини сўккан шахсни жазоламоқчи бўлиб, унинг Spark машинаси капотига чиқиб, ойнасини оёғи билан тепиб синдиргани, сўнгра машина эгаси воқеа жойидан кетиб қолгани тасвирланган.
Ички ишлар ходимининг сўзларига кўра, 21 май куни кечқурун фуқаролар С.Ш. ва С.М. олдиндан келишиб, ижтимоий тармоқдаги профилида “лайк”ларни кўпайтириш ва обуначилар сонини ошириш мақсадида Урганч шаҳрида видеоролик ишлаган. Улар бир-бирига нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатган.
Шундан сўнг, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан иш очилиб, судга оширилган. Суд қарори билан С.Ш.га 15 сутка, С.М.га эса 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, январь охирларида оиладаги зўравонликни тарғиб қилувчи видео олган вайнерларга суд ҳукми ўқилганди.
Изоҳ (0)