“Надомат” лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши жуда ёш. У эндигина 14 ёшни қоралаган болакай. Афсуслар бўлсинки, унинг қилган ишлари унча-мунча ёши катта одамнинг ҳам хаёлига келмайди. Нотўғри тарбия, эътиборсизлик ёки бошқа сабаблар уни жуда эрта жиноят оламига олиб кирган. Суратга олиш жараёнида унинг кичик бармоқларига ўйиб чизилган белгилар эътиборимизни тортди. Улар нима маънони англатиши билан қизиқдик. “Бу ёлғиз бўри дегани — мен якка ўғирлик қиламан”, деб жавоб берди.
Маҳкум — 14 ёшда. У Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, икки йилга озодликдан маҳрум этилган. У бир неча бор ўғирлик содир этиб, автомобилларни олиб қочган ва машина ичида қолдирилган пул ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлаган.
“Кўчада яшаб юрдим”
— Мен Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманиданман. Оилада тўрт фарзандмиз, дадам 2017 йили вафот этган. Ўғирлик қилишни 13 ёшимдан бошлаганман. Ёшим кичкина бўлгани учун кечириб юборишган. Мактабга боришимни доимий назорат қилишарди, бошқа ерларда ҳам ўғирликлар бўлса мени суриштиришарди. Ходимларнинг назорати ёқмагани учун уйдан қочиб кетганман. 8 ой давомида кўчада яшаб юрганман. Мени қўлга олиб, тарбияси оғир бўлган болалар марказига олиб боришган. Онам ариза ёзиб уйга олиб келган. Аммо орадан кўп ўтмай яна уйдан қочиб кетганман. Кўчада яшаб ўғирлик қилишни бошладим, — дейди маҳкум.
“Бешта машинани олиб қочдим”
— 13 ёшимда илк марта катта суммани ўғирлаганман. Ўшанда эшиги очиқ қолдирилган машинадан 5 миллион сўмни олганман. Ундан кейин 30 миллион сўм ўғирладим. Бозор яқинидаги Damas машинасининг олд ўриндиғида пул борлигини кўрдим. Устига футболка ташлаб қўйишган экан. Машинанинг орқа эшигини тош билан уриб синдириб, пулни олиб қочганман.
Ундан кейин беш марта машина олиб қочдим. Ичидаги пулни ва қўлга илинадиган нарсаларни олиб, машинани бошқа ерларда қолдириб кетардим. 100 миллион сўмлик зарар ҳисоблаб беришган, — дейди маҳкум.
“Жиноятчи болалар 12 ёшдан бошлаб қамалади”
— Биринчи марта уйдан қочиб кетганимда қидирувга беришган. Ундан кейин излашмаган. Тўрт ойда бир уйга борардим, кейин яна қочиб кетардим. Уйдагиларимни соғинмаганман, улар ҳам қизиқишмасди. Бир танишим ўғирлаган пулларим эвазига ижарага квартира олиб берганди. Ўша ерда турардим. Охирги марта уйга ўғирликка тушганман ва 30 гр тилла тақинчоқ билан 11 миллион сўм пулни олиб чиқиб кетганман. Тиллаларнинг ярмини сотганман, пулнинг ҳам катта қисмини ўз эҳтиёжларим учун ишлатиб юбордим.
Пул ўғирлаганимда асосан бозорга бориб кийинардим, телефон аппарати сотиб олардим. Шу ерга келиб билдимки, жиноят қилган шахс бола бўлса ҳам жавобгарликка тортилар экан. 12 ёшдан бошлаб қамашади, бу ерга келгандан кейин эса озодликнинг қадрига етар экан. Озодликка чиққанимдан кейин ўқимоқчиман, — дейди 14 ёшли маҳкум.
Ўйлаймизки, бу лойиҳа ота-оналарни сергакликка чорлайди. Фарзанд тарбиясига ҳушёр бўлиш, унинг вақтини зое ишларга сарфламаслик ва таълим-тарбиясига алоҳида эътибор бериш давр талаби.
Изоҳ (0)